2017 йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигида Япония делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Делегация таркиби Чуо Сангё Шинко Ассоциацияси директори Казуми Маэда, «Three Concier Co. Ltd.» президенти Харуки Коминэ, «Kinunokai» ижтимоий таъминот корпорацияси директори Масао Отани, «Medical Brain Co. Ltd.» президенти Хироказу Кимура, «Wolf Аrden» ижтимоий таъминот корпорацияси менежери Хидемичи Ота ва «PRIEM» ижтимоий таъминот корпорацияси менежери Татсуки Кимуралардан иборат. 

Учрашувда Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик раҳбари Х.Асомов иштирок этди. Унда томонлар Ўзбекистон фуқароларини йирик япон компанияларининг ижтимоий таъминот муассасаларига жалб қилиш, Фарғона вилоятида Японияда ишлаш учун Кадрларни тайёрлаш марказининг очилиши, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда япон компаниялари ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Японияда ишлашга жалб қилишга доир Меморандумнинг имзоланиши масалаларини муҳокама қилишди. 

Учрашув давомида меҳнат вазири А.Абдуҳакимов Ўзбекистон ва Япония ўртасида ўзаро ишонч, очиқлик ва ҳурматга асосланган мулоқот ўрнатилганини таъкидлади. 

Меҳнат вазири меҳмонларга вазирлик фаолияти, ривожи ва Ўзбекистон меҳнат бозори салоҳияти, икки халқ менталитетининг ўхшаш жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берди, шунингдек кўникма ва тажрибаларни кенгайтириш истагини билдирди.

Ўз навбатида, Япония томон мазкур учрашув учун миннатдорчилигини изҳор қилди. Казуми Маэда ўз нутқи давомида ўзбекистонликларни Япония меҳнат бозори эҳтиёжлари билан таништирди. 

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда Японияда тиббий ходимларга эҳтиёж мавжуд ва 2017 йилнинг ноябрь ойигача японияликлар 35 нафар, йил давомида эса мингга яқин  Ўзбекистон фуқаросини ижтимоий таъминот муассасаларига ишга жойлаштиришга тайёр.

Номзодларни танлаш жараёни Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги қошидаги Ташқи миграция агентлигида ўтказилади. 

Ташриф дастури доирасида Япония делегацияси Тошкент шаҳридаги қатор коллежлар ва "Саховат" қариялар уйида бўлади.