1797 йил 12 май куни Венеция Республикаси йўқликка сингди. Хўш, бу давлат ва компаниянгиз ўртасида қандайдир умумий жиҳатлар борми? Бу ҳақда Harvard Business Review колумнисти Пьеро Формика колонкасида чиқиш қилди.

Аксарият ташкилотлар Венеция Республикаси сингари узоқ вақт мавжуд бўлишни орзу қилишади. Эрамизнинг 697 йилидан 1797 йилга бўлган давр орлиғидаги технологик ютуқлар, географик жойлашуви ва фуқароларнинг ноанъанавий фикрлаши Шавкатли Республиканинг гуллаб-яшнашини таъминлаб келган. Бироқ ўзгаришлар қўққисдан бостириб келса, улар кучли жиҳатларни ҳам заифликка айлантириши, минг йиллик тарихга эга муваффақиятларни ҳам йўққа чиқариши мумкин экан. 

Ҳарбий технологиялар ва шаҳарнинг ўша вақтлардаги асосий савдо йўллари кесишмасидаги стратегик жиҳатдан муҳим жойлашуви Венецияга бири бирини тўлдирувчи бир неча устунликларни тақдим этган эди. Қурол-яроғлар, бошқаларнинг ҳали тушига кирмаган пайтлар, улардан бир неча аср аввал флот учун илғор аслаҳа-анжомни серияли ишлаб чиқарувчи фабрика — Арсенал — Венециянинг ҳарбий-денгиз саноатининг юраги эди. XIII асрдан бошлаб бу ерда кема ясашда ижодий ёндашишга интилиб, инновация ва ишбилармонлик рағбатлантирилар эди.

Шаҳарнинг географик жойлашуви қуруқликдан ҳам, денгиздан ҳам босқичиларнинг ҳужумидан ҳимоя қилишда ёрдам берар эди. Ботқоқли қўлтиқдаги бир неча ороллардаги бу жойлашув ўша вақтлар учун ғайриоддий бўлган савдо ва ссудали иқтисодиётни ривожлантиришга мажбур қилган, чунки қишлоқ хўжалиги юритиш учун унумдор ер жуда кам эди. Адриатика денгизининг шимолида жойлашгани учун шаҳар муҳим савдо марказига айланган ва Ўрта Ер денгизи орқали ғарбни шарқ билан боғлаган эди.

Майкл Портернинг ёзишича, рақобатда устунлик «энг кучли бўғини нечоғлик кучли бўлса, шунчалик бақувват умумий занжир ҳосил қилувчи турли фаолият турлари бири бирини қанчалик тўлдириши ва мустаҳкам қилиши»га боғлиқ. Бу стратегик мувофиқлик Венецияда ортиғи билан мавжуд эди. 

Бироқ кўплаб муваффақиятли ташкилотлар сингари, Венеция ҳам янгисини излашдан кўра, одатий нарсаларни эксплуатация қилишга диққатини кўпроқ жалб қилиш дамларига етиб келган эди: венециялик савдогарлар муваффақиятга эришишнинг мавжуд йўлларидан фойдалана бошлашганди. Ишбилармонлар асрлар давомида босилган сўқмоқлардан четга чиқмасликка қарор қилишганди. Тадқиқотлар ва ақл тиришқоқлигидан кўра, ўзини оқлаган амалиётлар ва афзалликлар янада машҳурлашди. Савдогарлар самарадорлик ва оптимизацияга диққат қилганча, мавжуд технологиянинг босқичма-босқич яхшиланишидан умид қилишганди. Ўз бойлигини имкон қадар кўпайтириб олиш илинжида, улар ҳаракат йўналишини ўзгартириш ўрнига, имкон қадар газ педалини қаттиқроқ боса бошлашганди.

Бироқ, XVI аср сўнгига келиб дунё шундай ўзгара бошладики, Венеция рўй бераётган ўзгаришларга тобора мос келмай қолаверди. Токи Ўрта Ер денгизи энг муҳим савдо йўли бўлиб турар экан, галера (эшкак эшиш ёрдамида ҳаракатга келтириладиган) кемалари ишлаб чиқаришга ихтисослашув маънига эга эди. Шарқий Пиемонт университети ўрта асрлар тарихи профессори Алессандро Барберонинг қайд этишича, галералар узоқ вақт венециялик денгизчиларнинг севимли ҳаракат воситасича қолаверган. Бироқ галеонларнинг ихтиро этилиши Атлантика соҳилларидаги серқудрат давлатларга Адриатикани бир томонга суриб қўядиган янги савдо йўлларини очишига имкон берди.

Географик кашфиётлар даври Венеция таназзулини бошлаб берди. Денгиз бўйлаб ойлаб (ҳаттоки, йиллаб) сузиб юриш имконини берувчи кемаларнинг пайдо бўлишидек, технологиядаги биргина кашфиёт, Венециянинг рақобатдаги устунлигини ва жамики кучли жиҳатларини ер билан битта қилди. 

Галеонлар машҳурлигининг ортиб бораётгани — Венециянинг географик жойлашуви Адриатика денгизи шимолий қисмида эканлигини кутилмаганда унинг заиф томонига айлантирди-қўйди. Боз устига, Арсенал ҳам аллақачон кемасозлик саноатининг илғор сафларидан бирида эмасди. Венециянинг иқтисодий аҳамияти кескин пасайиб кетди — шу вақтда республикага Наполеон ўз қўшинлари билан бостириб кириб, унинг шонли тарихига расман нуқта қўйди.

Буларнинг барисидан бугунги ишбилармонлар ва инноваторлар қандай хулоса чиқармоғи керак? Келажакда ҳам бугунгидек бўлиши ҳақидаги тахмин қанчалик кучли бўлса статус-квонинг тортишиш кучи ҳам шу қадар юқори бўлади. Ўз анъаналарига ўралашиб қолган корхоналар, секинлашади ва янги уфқларга интилмай қўяди. Улар, албатта, сўлишга маҳкум.

Агар сиз ғафлатда қолишни истамасангиз келажак ўтмишдан фарқ қилишини англаб етмоғингиз керак. Келажакни олдиндан тахмин қилиб бўлмайди, бироқ у кўп нарсани ваъда қилади ва ҳар қандай вариант учун очиқ. Баъзан рақобатчингиз биргина муҳим қадам босиб, биргина янги технологик ечим қўллаб, бутун бир империянгизга нуқта қўйиб қўйиши мумкин. Агар сизнинг бугунги бизнесингиз чиройли қилиб парваришланган дарахтлар, баланд деворлардан иборат боғга ўхшаса, бу етарли дегани эмас. Янги имконият (ёки таҳдид) ўша деворнинг ортида, соҳалар ва бозорларнинг шовқин-суронли чорраҳасида пайт пойлаб ётган бўлиши мумкин.

Муваффақиятли ишбилармонлар ва инноваторлар «ҳар доимгидек муваффақиятли» синдромига қарши чиқишади ва янги пайдо бўлаётган технологиялар ва бизнес моделларни ўрганиб боришади. Улар умумий манзарани кўздан қочирмасликка интилишади ва бирор нарсага кўр-кўрона интилишга қарши самарадорлик ва оптимизация воситасида курашишади. Бу нуқтаи назар уларга муаммоларни ҳал қилишда ноъананвий фикрлаш усулларини илгари суриш, шунингдек, пайдо бўлган жорий вазиятга қарши курашишда ёрдам беради. Улар билишадики, мақсад — бир жойда турган уфқ кетидан қувиш эмас, яқинлашилганда ўша уфқ қачон ва қандай ўзгаришини англашда.

Муаллиф ҳақида: Пьеро Формика — International Entrepreneurship Academy асосчиси Innovation Value Institute катта илмий ходими. «The Role of Creative Ignorance: Portraits of Path Finders and Path Creators» ва «Grand Transformation Towards an Entrepreneurial Economy: Exploring the Void» китоблари муаллифи.