12 май — Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигида ҳамширалик ишини янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифаларга бағишланган республика анжумани бўлиб ўтди. Видеоселектор форматда ўтган тадбирда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, Республика илмий-амалий тиббиёт марказлари ва тиббиёт олий ўқув юртлари олимлари, профессор-ўқитувчилар, пойтахтимиз ва вилоятлардаги клиникаларнинг бош шифокорлари ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳамширалар иштирок этди.

Анжуманни очиб берган соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамширалик ишига доир кўплаб масалалар қатори патронаж тизимига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.

"Ҳозирги кунда мамлакатимизда фаолият юритаётган ҳамшираларнинг муайян қисми оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктларида тиббий-профилактика ишлари билан банд бўлиб, патронаж ҳамшираси сифатида тиббий хизматни бевосита хонадонларга олиб кираётганлиги қувонарлидир. Бугун патронаж ҳамшира ҳақида сўз борса, уни оиламизнинг бир аъзоси сифатида қабул қилаяпмиз. Бу мақомга уларнинг тинимисиз меҳнати, режали ва мақсадли хонадонларга кириб бораётгани асос бўлмоқда.

Бугун 32 миллиондан ортиқ аҳоли патронаж ҳамширанинг малакаси, билими ва муомаласига қараб, соғлиқни сақлаш соҳасига баҳо беради. Биргина патронаж ҳамширанинг маҳорати соғлиқни сақлаш тизимининг юқори бўғинларида ҳам ижобий ўзгариш ясай олади. Шундай экан, бирламчи бўғинда фаолият юритаётган ҳамшира опа-сингилларимиздан касбга меҳр, ўз устида доимий ишлаш, хонадонларга кириб борганда муомала маданиятига тўла риоя этиш каби соҳанинг нозик жиҳатларига аҳамият беришларини сўрардим", - дея мурожаат қилди А.Шодмонов.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирининг қайд этишича, Президентимизнинг бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштиришга доир қарорига асосан:

- Қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари патронаж ҳамшираларининг йўл ҳақи компенсациясини белгилаш ва тўлаб бериш тартиби тўғрисидаги Низом;

- Шу йилнинг 1 октябридан бошлаб, кундузги стационари мавжуд бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини рейтинг тизимида баҳолаш асосида тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги Низом ишлаб чиқилди ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди.  

Бундан бир муддат аввал хабар қилганимиздек, тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган журналлар рўйхати кескин қисқартирилган эди. Соғлиқни сақлаш вазири ушбу масалага тўхталар экан, “Вазирликнинг тегишли буйруғи билан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида юритиладиган  журналлар рўйхати қарийб 100 тадан 20 тагача қисқартирилгани ҳамширалик фаолияти самарадорлигини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир”, деди.   

А.Шодмонов ўз сўзини якунлар экан, бу ҳаракатларнинг барчаси, ҳамширанинг қимматли вақтини аяш, асосий эътиборини турли журналлар эмас, бевосита аҳоли билан ишлашга қаратиш мақсадида қилинаётгани, тиббиёт ходимининг вазифаси ва бурчи эса яратилган шароитдан унумли фойдаланиб, самарали меҳнат қилиш, халқимизнинг тиббий хизматга бўлган эҳтиёжини қондириш эканини қайд этиб ўтди.