Франциянинг собиқ бош вазири Мануэль Вальс Journal du Dimanche учун берган интервьюсида мамлакатнинг янги сайланган президенти Эммануэль Макронни ярамас одам деб атади.

«Мен Макрон ва унинг жамоасини холис баҳолай оламан. Олланд — пасткаш одам, аммо у муайян чегаралардан чиқмайди. Макрон — ундан ҳам пасткашроқ, унинг учун ҳеч қандай чегара йўқ», — деган Вальс.

Шу билан биргаликда у Макронга президентлик фаолиятида зафар тилаган.

У Макронни Наполеон Бонапартга қиёслаган ва у сайловолди дастури туфайли эмас, сиёсат билан шуғуллангани туфайли ғалаба қозонгани ҳақида айтган.

«Бу ёшлик ва анъаналар қоришмасидир. Бу яхши, бонапартизмнинг ёмон томони йўқ. Мен Францияга қатъийлик етишмаганини биламан, Франсуа Олланд сиёсат билан шуғулланишни унутиб қўйганди. Макрон сайловда ўз сайловолди дастури эвазига эмас, сиёсат билан шуғулланаётгани учун ғалаба қилди», деган Вальс.

Бундан олдинроқ Эммануэль Макроннинг «Маршга!» ҳаракати парламент сайловлари учун 428 номзодини эълон қилган, улар орасида аёл-тореадор, математик, учувчи ва таниқли коррупцияга қарши курашувчи бор эди.