Ўзбекистон меҳнат вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги томонидан эълон қилинган хабарга кўра, Москвада ишлаш учун ҳайдовчилар танлаб олинмоқда.

Агентликнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилинишича, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик доирасида Россия пойтахтида Москва шаҳрида қатнайдиган рейсли автобусларни бошқариш учун «Мосгортранс» компанияси томонидан минг нафар Ўзбекистон фуқаролари танлаб олинмоқда.

Танлов шартларига кўра, «D» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга ҳайдовчилар ўз омадларини синаб кўришлари мумкин. «Ишлаш учун номзодлар рус тилини яхши билиши, диққат-эътиборли, мулкка нисбатан эҳтиёткор муносабатда бўлиши лозим», — дея таъкидланади сайтда.

Шартномага кўра уч ойлик синов муддати тақдим этилади, ойлик маош эса 43 минг рублдан 60 минг рублгача миқдорни ташкил этади. 

Иш икки сменада ташкил этилади. Биринчи смена соат 04:00 дан 14:00 гача (икки кун иш икки кун дам олиш), иккинчи смена 14:00 дан 02:00 (дам олиш кунлари шанба, якшанба)

Социал пакет — турар жойга ва бензинга пул тўлаш, иш жойига ташишни қамраб олади. 

Номзодларга қуйидаги талаблар қўйилган:

- ёши — 18–50 ёш;
- асосий маълумоти — ўрта;
- қўшимча маълумотлари — автомактаб, Россиянинг “D” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси;
- аҳоли зич жойларда мутахассислик бўйича иш тажрибаси 1 йилдан кам бўлмаслиги.

Қўшимча талаблар: меҳнат дафтарчасининг мутахассислик бўйича ишлаганлиги ҳақидаги ахборотларининг нотариус томонидан тасдиқланган таржимаси, наркотик моддалар истеъмоли учун судланмаган/маъмурий жазоланмаганлиги ҳақидаги маълумотнома, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун тўланмаган жарималар йўқлиги ҳақидаги маълумотнома.

Бу йўналиш бўйича қизиқиш билдирганлар (0371) 214-51-87 ёки 214-47-29 телефон рақамларига, шунингдек, Ташқи меҳнат миграциялари масалалари ҳудудий бюроларига мурожаат қилишлари сўраб қолинади.