Илм-фан билан шуғулланиш игна билан қудуқ қазишга менгзалиши бежиз эмас. Чунки жамият олдида турган долзарб масалалар ечими илм-фан ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур соҳани, олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, умрини шундай машаққатли ишга бағишлаган инсонлар меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

ЎзА'нинг хабар беришича, бу жиҳатлар 14 май куни Ўзбекистон Фанлар академиясида йирик тарихчи-археолог олим, академик Эдвард Ртвеладзе таваллудининг 75 йиллигига бағишланган маросимда ҳам ўз ифодасини топди. Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, Фанлар академияси аъзолари, юртимиз ва хорижлик олимлар, талабалар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 10 майдаги фармони билан илм-фан соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун ЎзФА Санъатшунослик институти бўлим бошлиғи, академик Эдвард Ртвеладзе «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов юксак давлат мукофотини Э.Ртвеладзега тантанали равишда топширди.

Эдвард Ртвеладзе 840 дан зиёд илмий иш, жумладан, 41 монография муаллифидир. Беш юздан зиёд илмий мақоласи Ўзбекистон, Россия, Италия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Греция, Грузия, Польша, Ҳиндистон каби давлатлардаги нуфузли илмий нашрларда чоп этилган. Унинг илмий раҳбарлигида 14 фан доктори ва фан номзодлари тайёрланган.

– Эдвард Ртвеладзенинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё, бутун Евроосиё тарихи билан боғлиқ кенг қамровли илмий тадқиқотлари, ишланмалари дунёнинг етакчи илмий марказларида тан олинган, – дейди ЎзФА Яҳё Ғуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти директори Амриддин Бердимуродов. – Олимнинг юртимиз антик даври тарихини ўрганишдаги улкан хизматлари ҳеч қачон ўз аҳамияти ва қийматини йўқотмайди.

Академик мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Олий Мажлис Сенати (2010-2015 йиллар), ЎзФА президиуми, кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларининг аъзоси сифатида самарали фаолият олиб бормоқда.

Олимнинг меҳнатлари мустақиллик йилларида муносиб қадр топмоқда. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти фармонларига кўра Э.Ртвеладзега «Буюк хизматлари учун» (2001 й.), «Меҳнат шуҳрати» (2003 й.) орденлари, Фан ва техника соҳасидаги Давлат мукофоти (2007 й.) берилган.

– Умримнинг асосий қисми ўзбек қишлоқларида, кўп йиллик тарих тилсимларини бағрида сақлаб келган тепаликларда ўтаётганидан мамнунман, – дейди академик Эдвард Ртвеладзе. – Ўзбекистон – инсоният цивилизацияси бешикларидан бири. Бу заминнинг буюк тарихи инсоният қай тариқа тараққиётга эришганининг ўзига хос бир исботидир. Шундай табаррук ёшда эл-юрт эъзозида юриш – катта бахт. Президентимиз Шавкат Мирзиёевга илм-фан ривожига, академикларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак ғамхўрлиги, камтарин меҳнатларимни юқори баҳолаб, Ватанимизнинг юксак мукофоти – "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирлагани учун чин дилдан миннатдорлик билдираман.