АҚШ давлат департаменти Сурия президенти Башар Асад тузуми жиноятлари ҳақида янги маъруза чоп этди. Маърузанинг асосий бандларини матбуот-анжуманда давлат департаменти бошлиғи ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Стюарт Жонс ўқиб эшиттирди.

Жонснинг айтишича, охирги 6,5 йилдан бери давом этаётган Суриядаги фуқаролик уруши давомида ҳукумат  "халқаро ҳуқуқнинг кўплаб меъёрларини, жумладан қуролли ихтилофлар олиб бориш меъёрлари ва инсон ҳуқуқларини кўплаб марта бузган".

Жонс Вашингтоннинг Сурия ҳукуматига нисбатан фикри ўзгармаганини таъкидлаб ўтди ва Асад тузуми тинч аҳолини бомбардимон қилишларда, жумладан кимёвий қурол қўллаган ҳолда, суд қилмасдан қатл этишлар ва мухолифат вакилларини турмаларга тиқиш кабиларда айбдорлигини айтди.

Жонснинг айтишича, Сурия ҳукумати Сайднай турмасида маҳбусларнинг қатл этилишларини яшириш мақсадида крематорий ташкил этган. У Суриядаги зўравонликни тўхтатиш учун Россияни Асад тузумига ўз таъсиридан фойдаланишга чақирди.

Давлат департаменти ўз маърузасида ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва АҚШ разведкаси маълумотларига таянган.

Ғарб Асад ҳукуматини тинч аҳолига қарши ҳарбий жиноятларни амалга оширишда айблаб келади. Февраль ойида Amnesty International ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти Сурия ҳукумати Сайднай турмасида 2011 йилдан 2013 йилгача давр ичида 5 мингдан 13 минггача кишини қатл этгани ҳақидаги маърузани чоп этганди. Дамашқда бу маълумотлар ҳақиқатга мос келмаслиги айтилган.

Москва Дамашққа қўйилаётган исботсиз айбловларга қарши чиқмоқда ва тинч аҳолига қарши зўравонлик қўллаш билан боғлиқ барча воқеаларни синчковлик билан тергов қилишга чақирмоқда.