14 май куни Яман пойтахти Сана шаҳрида вабо касаллиги кенг тарқала бошлагани туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Ушбу касаллик шу пайтгача 10лаб кишиларнинг ўлимига сабаб бўлди, деб хабар қилмоқда Рейтер агентлиги.

Аввалроқ, Халқаро қизил хоч жамияти шу йил апрел ойи охирида вабо касаллиги пайдо бўлишидан шу пайтга қадар 115 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилган эди. ХҚХЖ вакили Доминик Стиллхартга кўра, мамлакат ҳукумати 14 вилоятда 8,5 мингдан ортиқ касалланиш ҳолларини аниқлаган. 

Яман соғлиқни сақлаш вазирлиги гуманитар ташкилотларга мурожаат қилиб, эпидемияга қарши курашда ёрдам беришга чақирди. Яманнинг Saba агентлигининг таъкидлашича, мамлакатдаги соғлиқни сақлаш тизими бир неча йилдан бери давом этиб келаётган можаро туфайли издан чиққан ҳамда муаммога қарши кураша олмаяпти. 

Яман ҳукумати касаллик ҳақида 2016 йил октябр ойида илк маротаба хабар қилган эди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, вабо тарқалиши эҳтимоли юқори бўлган ҳудудларда 7,6 млнга яқин киши истиқомат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилдан Яманда "Ансар Аллоҳ" шиа гуруҳи тарафдорлари бўлган исёнчи хусийлар ва армиянинг собиқ президент Али Абдулла Солиҳга ён босувчи гуруҳи бир томондан ҳамда президент Абд Раббо Мансур Ходий тарафдорлари бўлган ҳукумат кучлари ва кўнгиллилар иккинчи томондан ҳокимият учун курашмоқда. Ҳукумат кучларига Саудия Арабистони бошлиқ араб коалицияси ҳаводан ва ердан ёрдам бермоқда.