АҚШда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра шу маълум бўлдики, америкаликларнинг бор-йўғи 36 фоизи Осиё харитасида Шимолий Корея қаерда жойлашганини тўғри кўрсата олади. Бу ҳақда New York Times нашри хабар бермоқда

Тадқиқот доирасида сўралганлар америкаликларнинг аксарияти Шимолий Корея ўрнига Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Вьетнамни кўрсатишган.

Сўралган эркаклардан 45 фоизи, аёллардан эса 27 фоизи Шимолий Кореяни тўғри кўрсата олган. Республикачилардан 37 фоизи, демократлардан эса 31 фоизи буни уддалай олган.

Географиядан яхши билимга эга бўлиш геосиёсий жараёнларнинг мураккаблигини чуқурроқ англашга ёрдам бериши мумкин, деб таъкидламоқда нашр. Мисол учун, 2014 йилда Украина билан ўтказилган шунга ўхшаш тадқиқотда шу маълум бўлганки, Украинанинг харитадаги ўрнини кўрсата олмаган одам у ердаги вазиятга ҳарбий аралашувни қўллаб-қувватлаши имконияти катта бўлган.