“Интилганга толе ёр” дейдилар. Ҳар бир ҳикмат замирида эса туганмас маъно мужассам. Андижон вилояти, Олтинкўл туманида фаолият юритаётган «KONTEKS-TASHKENT» трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхонасида бўлсангиз, ушбу сўз самарасини гувоҳи бўласиз.

Ўтган ҳафта Андижон шаҳрида бўлиб ўтган “Ташаббус” республика кўрик-танловининг “Энг яхши тадбиркор” йўналишида 1 –ўринни эгаллаган жамоанинг иш фаолиятига алоҳида тўхталмоқчимиз.

 Андижондан чет элга саёҳатга борган бир йигит оиласига совға олиш учун ўша ердаги обрўли дўконга кириб, чиройли, замонавий ва сифатли кийим-кечак харид қилибди. Уйига келиб, ўзига пешвоз чиққан яқинларига совғаларни улашгач, отаси унга: “Мана бу маҳсулотларни ўзимни дўконлардан олдингми?” дейди. Ҳайрон бўлган ўғил кийимлар ёрлиғига эътибор берса: «KONTEKS-TASHKENT», “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деб ёзиб қўйилган экан.

Айни пайтда ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотларининг 80 фоизини Франция, Польша, Россия, Литва ва Белоруссия каби Европа давлатларига экспорт қилаётган “KONTEKS” жамияти ички бозоримизни сифатли кийимлар билан тўлдиришга ҳам салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Корхонанинг 2015 йилда экспорт ҳажми 9,5 млн. АҚШ долларни ташкил қилган бўлса, бу рақам 2016 йилда 12,3 млн АҚШ долларга тенг бўлди. Кўриб турганингиздек, бир йил давомида 1,4 баравар ўсишга эришилган.

"Икки ой аввал Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация сафида Россиянинг Красноярск ўлкаси ва Новосибирск вилоятида бўлганимизда, қўшни давлат тадбиркорлари маҳсулотларимиз сифати билан танишгач, 8 миллион долларлик шартнома имзолашди”-дейди корхона иш бошқарувчиси, изланувчан тадбиркор Азимбой Норметов. “Бизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг афзаллиги унинг юз фоиз табиий хом ашё – пахтадан эканлиги ва сифати дунё стандартларига мос келишида бўлиб, харидор талабига қараб чўзилувчанлигини ошириш учун 10 фоиз синтетик мато қўшилади”.

Корхонада 100 турдаги тўрт фаслга мўлжалланган трикотаж кийимларини тайёрланиш жараёни билан қизиқдик. Масканга келтирилган хом ашё - калавалаш, тўқув, бўёқ ва бошқа 7 хил жараёндан ўтгач, тайёр маҳсулот бўлиб, сотувга йўл олар экан. Ҳар бир босқич юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган цехларда рўй беради.

Айни пайт “KONTEKS” маҳсулотлари билан узвий боғлик бўлган “KRAVTEKS” ва “BAHTEKS” кичик корхоналарида жами 3000 нафар киши фаолият юритмоқда.

Корхона иш ҳажмини кенгайтириш ва аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида кўплаб истиқболли режалар тузган. “Пахтаобод туманидаги бўш турган бинони вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг яқиндан берган ёрдами билан олиб, корхона томонидан инвестиция миқдори 358 минг АҚШ долларлик чет элдан келтириладиган янги замонавий технологиялар билан жиҳозлаб, шу йилнинг 2 –чорак якуни қадар ишга туширишни режалаштирганмиз” дейди Азимжон Норметов. Бу билан яна 400 нафар аҳоли ишлик бўлиб, йил якуни билан экспорт миқдори 15 млн. АҚШ долларига етказилади.

Шижоатли ва изланувчан Азимбой Норметов кўзда тутилаётган режалар билан таништирди. Жамият ўз олдига Олтинкўл туманинг Марказ маҳалласи ва Оразий, Кўмакай қишлоқларида ҳар бири 100 нафар аҳолини иш билан таъминловчи замонавий корхоналар ишга туширишни мақсад қилган.

Корхонанинг чет эллик инвестори Суружи Маҳмет Довуд юртимизда тадбиркорликка берилаётган эътибор ҳақида шундай дейди: “2004 йили Ўзбекистонда текстил соҳасида фаолият юритиш учун келганман. Қўшма корхона ташкил қилдик. Ҳукумат ва вилоят ҳокимлиги томонидан бизга берилаётган имкониятлардан жуда мамнунмиз. Мақсадимиз янги иш ўринлари яратиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришдир”

Ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар ҳам кўнгилдагидек. Еттита автобус ва битта микроавтобус, шинам ошхона, ювиниш ва дам олиш хоналари ходимлар хизматида. Корхона томонидан иш куни давомида икки маҳал иссиқ овқат берилади.

Юқорида айтганимиздек, куни кеча «KONTEKS-TASHKENT» жамияти Ўзбекистон Президенти соврини учун ўтказиб келинаётган “Ташаббус” республика кўрик-танловининг вилоят босқичида иштирок этиб, “Энг яхши тадбиркор” йўналишида 1-ўринни эгаллади. Энди навбат Республика босқичига.

Азимбой Норметовнинг бизга: “ Илтимос бор эди. Мақолага - “Корхонага ишчилар қабул қиламиз. Ойлик маош ишбай кўринишида. Узоқдан қатнаб ишловчиларга транспорт ажратилади” деган эълонни қўшиб кета оласизми?” дея қилган мурожаатини бефарқ қолдира олмадик.

Юрт фаровонлиги ва иқтисодиётини юксалтириш йўлида хизмат қилиб, аҳолини иш билан таъминлашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган корхонага омадлар тилаб қоламиз.

Kun.Uz мухбири Элмурод Эрматов, Андижон.
Хайрулло Васиев,
«KONTEKS-TASHKENT» жамияти
матбуот хизмати ходими