Франция Президенти Эммануэль Макрон мамлакат бош вазири сифатида Гавр шаҳар мэри, марказчи сиёсатдон, мамлакат ичра катта машҳурликка эришмаган 46 ёшли Эдуард Филиппни тайинлади. Гарчи бу қарор ОАВга эртароқ сездирилган, ундан ҳамма хабардор бўлган эса-да, барибир сенсация сифатида баҳоланмоқда. Президент сайловларининг ғолиби бу ғалабага эришишида кўп меҳнати сингган энг яқин иттифоқчиси Франсуа Байруни ҳеч нарсасиз қолдирди.

Франциянинг янги тайинланган бош вазири Эдуард Филипп ва собиқ бош вазир Бернар Казенев Парижда. 2017 йил 15 май

Байру Макронга ёрдам берди, Макрон эса йўқ

2016 йилнинг кузида — Макрон президентлик сайловларида ўз номзодини илгари суришга қарор қилганида, Филипп ўзини унинг бош вазири сифатида тасаввур ҳам қила олмас эди, чунки... у мутлақо бошқа номзодни қўллаб-қувватлаётган эди. Сўл марказчиларга тааллуқли президентдан фарқли ўлароқ, бош вазир мўътадил ўнглардан ҳисобланади ва мамлакат раҳбарлиги лавозимида республикачи Ален Жюппени кўришни истаганди. Бироқ дастлабки сайловларда Жюппе ўз ўрнини Франсуа Фийонга бўшатиб берди ва Филипп уни қўллашни истамади.

Овоз бериш кунидан аввалги ҳал қилувчи ойларда Гавр мэри ахборот агентликларининг хабарларида бирор марта тилга олинмади. Бу вақт ичида сўровларга кўра учинчи ўринда бораётган Макрон катта ўсишга эришаётган эди. Лекин иккинчи турни кафолатлайдиган натижага бироз етишмаётган эди. Ана шу етишмаётган қўлловни унга марказчи Байру аввалига номзодини сайловга қўйишдан бош тортиб, сўнгра кишиларни Макронни ёқлаб овоз беришларига чақириб, ташкиллаштирган эди.

Март ойида Макрон ва Байру ўртасида иттифоқ тузилгач, кўпчилик Франсуани бош вазир ўрнига лойиқ кўраётган эди. Макрончилар ичидаги иккинчи рақамли одам парламент сайловларида ўз партиядошлари Макрон томонидан қўллаб-қувватланишидан умид қилаётган эди. Лекин хаёл бошқа, ҳаёт бошқа экан. Байру бош вазир лавозимига ҳам эга бўлмади, у етакчилик қилаётган MoDem ҳаракати қатнашчиларига эса Макроннинг «Олға, Республика!» ҳаракати томонидан тасдиқланган, 428 номзоддан иборат рўйхат ичидан фақат 35 ўрин ажратилди.

Қарияларга ўрин йўқ

Афтидан, Байру аппаратининг мағлубияти ва Франция собиқ бош вазири Мануэль Вальснинг 14 май куни Макронга нисбатан кучсиз айбловлар билан чиқиш қилишининг бир вақтга тўғри келиб қолгани бежиз юз бермаганга ўхшайди. Қўл остида Макрон иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган сиёсатдон собиқ ходимини «бадкирдор» деб атаган ва уни собиқ президент Франсуа Олландга менгзаган: «Олланд — бадкирдор эди, лекин унда маълум бир чегаралар бор эди. Макрон — ҳам бадкирдор, боз устига, унинг чеку чегараси йўқ».

Собиқ бош вазирнинг бу қўпол иқрори макрончилар билан ўз номзодининг парламент сайловларида қўллаб-қувватланиши юзасидан олиб борилган музокаралар чўзилиб кетганидан сўнг эълон қилинди. Албатта, у музокараларда муваффақият қозона олмади.

Вальс учун бу мағлубият Макрон томонидан намойишкорона четга суриб ташланаётган сиёсат саҳнасининг қариялари клуби сафига қўшилганини билдирарди. Илгарироқ, сайловларнинг иккинчи туригача бир неча кун қолганида сайловда фаворит бўлиб турган Макрон сўл радикаллар етакчиси Жан-Люк Меланшонга унинг тарафдорларининг овози учун ён бермаслигини эълон қилган эди. Ўшанда бўлажак президент ўзининг собиқ социалист партиядошлари ҳақида ҳам илтифотсизларча фикр билдирган эди. «У биз билан бирга бўлишни истамаяпти», — деган эди бўлажак президентнинг нуқтаи назарини баҳолаб, социалистик партия бош котиби Жан-Кристоф Камбаделис.

Франция президенти Франсуа Олланд ва Франциянинг сайланган президенти Эммануэль Макрон Парижда ўтказилган инаугурация маросимида.

Макроннинг ислоҳотлари

Ўзини аввалига «сўлчи», кейин «сўлчи ҳам эмас, ўнгчи ҳам эмас», ниҳоят, «ҳам сўлчи, ҳам ўнгчи» давлат арбоби, деб атаган президент Эммануэль Макрон — аввало технократ сиёсатчи экан. У ўйлаган Франциянинг сиёсий манзарасига кўра, амалдаги шахслар максимал даражада алмаштирилиб, олдинги курс сақлаб қолинади. Буёғига Олланд ва Вальснинг олдинги сиёсатини янги — ҳаттоки шу пайтгача французларга мутлақо нотаниш бўлган одамлар амалга оширишади. Шу муносабат билан, бутуневропа миқёсидаги сиёсатда мутлақо янги одамнинг тайинланиши тобора кучга тўлишаётган тенденцияни гавдалантиради. 

Бир неча кун аввал якунланган, 2017 йилнинг июнь ойида ўтказилажак парламент сайловларига рўйхат тузиш борасида ўтказилган музокаралар ҳам шу қонуниятни тасдиқлаб турибди. Макронга тегишли ҳаракатдан илгари сурилган 428 номзод ичидан фақат 50 нафари давлат қонунчилик органларида ишлаш тажрибасига эга. Ўтмиш билан боғлиқ сиёсатчиларни Макрон обрў-эътиборини йўқотган кимсалар, деб санамоқда. Бу мантиққа кўра, француз сиёсати патриархи Франсуа Байруга асло ўрин йўқ. Собиқ вазир ва амалдаги президент ўртасида парда ортида ўтган келишувлар қандай якунланганидан қатъи назар, Франция ҳукуматини Байру бошқара олмас эди.