«Барселона» футбол клуби бош мураббийи Луис Энрике Испания чемпионатининг 37-тури доирасида «Лас-Пальмас»га қарши кечган ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Лас-Пальмас-де-Гран-Канариядаги «Гран Канария» стадионида бўлиб ўтган баҳс меҳмонлар фойдасига 4:1 ҳисобида якунланди.

«Худди шундай ўйинни кутгандим. „Лас-Пальмас“га босим ўтказмаса, уларда муваффақият учун имконият пайдо бўлади, сабаби жамоа тўп билан яхши ўйнайди. Бироқ биз ақлли ҳаракат қилдик ва яхши босим ўтказдик. Мен жамоа ўйинидан мамнунман.

Бизда яна бир ўйин қолди, мақсадимиз – ғалаба қозониш. Аминманки, «Барса» «Эйбар»ни мағлуб этади, бу биз совринни ютиб олишимизга калитдир. Чарчоқ? Бизда бундай ҳолат йўқ. Менимча, жамоа идеал даражада тайёр. Айни дамда жуда яхши жисмоний ҳолатдамиз», - дея Энрикенинг сўзларини келтиради Football Espana.