Мадриднинг «Реал» клуби футболчилар Испания чемпионати ва Европа чемпионлар лигасида бирваракайига ғалаба қозонган тақдирда жуда катта миқдорда мукофот пулларига эга бўлишади. Бу ҳақда Bernabeu Digital нашри хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, «Қироллик клуби» президенти Флорентино Перес футболчилар ушбу икки турнирдаги ғалаба учун 50 млн евро миқдорида мукофот пуллари ваъда қилган. «Қаймоқранглилар» раҳбари жамоа сардори Серхио Рамос ва Марсело Жуниор билан учрашган ва бу икки мусобақада зафар қучиш клуб тарихида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Агар клуб бу ютуқни қўлга киритса, «қаймоқранглилар»нинг 24 нафар футболчиси ва бош мураббийи Зайниддин Зидан 2 млн. евродан мукофот олиши мумкин. Яна 3 млн евро клуб тизимида ишловчи бошқа ходимлар (бош мураббий ёрдамчилари, физиотерапевт ва бошқа ишчилар) орасида бўлиб чиқилади.

Қайд этиб ўтиш жоиз, «Реал» жорий мавсумда Чемпионлар Лигасида иштироки учун 39,7 млн. евро ишлаб топишган. Агар жамоа бош совринни қўлга киритадиган бўлса, яна 15 млн, агар финал билан чекланилса бу сумма яна 11 млн еврога кўпаяди. Бундан ташқари «Реал» маркетингдан 25,5 млн евро ишлаб топади.

Чемпионлар Лигасининг финали 3 июнь куни Кардиффда бўлиб ўтади ва унда мадридликлар «Ювентус» билан куч синашади. Испания чемпионатида иккита  ўйини қолган жамоа 87 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Бироқ жамоанинг «Барселона»дан фарқли захирасида яна бир ўйини бор.