PSA Peugeot Citroen таркибига кирувчи DS маркаси DS 7 Crossback йўлтанламасининг алоҳида нусхасини тақдим этди. Автомобиль Франция янги президенти Эммануэль Макрон учун махсус яратилди, деб хабар берган бренд матбуот хизмати.

Йўлтанламас Ink Blue кузов ранги, Франция Республикаси алоҳида белгилари, триколор учун флагшток, электр узатмали енгил очилувчи том, шунингдек, 20 дюймли алюминийли ғилдирак дисклари билан жиҳозланди. Салон қора чармда.

Президент йўлтанламаси Citroen’нинг янги илгагига ҳам эга, у алоҳида камера асосида ишлайди. У йўлдаги ҳолатни ўрганиб боради, сўнг электроника ҳар бир ғилдирак учун алоҳида махсус амортизаторлар қаттиқлигини ўрнатади. Автомобиль шунингдек DS Connected Pilot ярим автомат бошқарув тизими билан ҳам жиҳозланган.

Макрон автомобилининг бошқа тафсилотлари сир сақланмоқда. Март ойида Женева автосалонида намойиш этилган стандарт йўлтанламаснинг топ нусхаси гибридли қурилмага эга. Унинг таркибига 200 от кучини берувчи бензинли двигатель ҳамда иккита 80 киловаттли электромотор киради. Умумий ҳисобда қурилмалар 300 от кучини беришга қодир. 

Макроннинг йўлтанламаси моделнинг йўлда пайдо бўладиган илк нусхасига айланади. DS 7 Crossback’нинг расмий савдолари фақатгина 2018 йилнинг бошларига режалаштирилган.