Россиянинг «Газпром» ва Хитойнинг CNPC компаниялари Хитойда ер остида газ сақлаш жойини яратиш бўйича лойиҳадан аввалги тадқиқотлар учун шартнома имзолади, деб хабар бермоқда Газета.ru.

«ШэнШэнь 2-1 газ конлари, Байцзюй нам сақлайдиган қатламлари ва ЧуЧжоу туз бўшлиқлари негизида ер ости газ сақлаш жойларини яратиш бўйича лойиҳадан аввалги тадқиқотларни ўтказиш учун учта шартнома имзоланди», - дейилади хабарда.

Хитойнинг PetroChina компанияси қошидаги нефтгаз конларини қидириш ва улардан фойдаланиш бўйича Илмий-тадқиқот институтининг Ланфан филиали лойиҳадан аввалги тадқиқотлар буюртмачиси саналади. Шартномага кўра, Россия газни сақлаш бўйича жойни яратиш ва ундан фойдаланишга оид асосий технология жиҳатларини ишлаб чиқади.

Шунингдек, Хитойнинг CNPC ва China Huaneng Group компаниялари «Газпром» билан Хитой ҳудудида электр энергетикаси соҳасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришишган. 

«Алексей Миллер ва Ван Илинь «Газпром», CNPC ва China Huaneng Group ўртасида ХХР ҳудудида электр энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзолашди. Ҳужжатда томонлар иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконини ўрганиб чиқиши белгиланган», - дея аниқлик киритилади хабарда.

Бундан ташқари, Алексей Миллер ва Ван Илинь «Европа — Ғарбий Хитой» халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш доирасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзолашди.