Туркия фуқароси Рамазон Шахин истанбулликлар ҳамда афғонистонлик ва суриялик қочқинлар ўртасидаги муштлашув вақтида пичоқ санчишдан олинган жароҳатдан вафот этди, деб хабар бермоқда Hurriyet нашри.

Туркияга охирги йилларда Сурия ва Ироқдан 3 млн га яқин қочқин келган. Туркиянинг 10 та вилоятида сурияликлар учун 20 дан ортиқроқ чодирли лагерлар ва контейнерлардан иборат шаҳарчалар қурилган. У ерда мактаблар бор, одамлар тегишли тиббий ёрдам, озиқ-овқат билан таъминланганлар. Бироқ бу лагерларда барча қочқинларнинг фақатгина бешдан бир қисмигина жойлашган, қолганлар эса мамлакатнинг турли шаҳарларига тарқалиб кетган. Бу эса баъзида маҳаллий аҳоли ва қочқинлар ўртасида низоларга олиб келади.  

Нашр маълумотларига кўра, бир неча ўн киши иштирокидаги муштлашув 14 май куни кечки пайт бир гуруҳ суриялик ва афғонистонлик қочқинчлар Истанбулнинг Султонгази туманида маҳаллий аёлни ҳақорат қилгандан кейин бошланган. Муштлашаётганларни ажратишга уринган Шахин пичоқдан олинган жароҳатдан шифохонада вафот этган.   

Маҳаллий аҳоли ва қочқинлар ўртасидаги тўқнашувлар 15 май куни, Шахин жанозасидан кейин ҳам давом этган ва полиция аралашувидан кейингина тўхтаган. Полиция оломонни тарқатиш учун махсус воситалар қўллашига тўғри келган. Шу воқеадан кейин туманда кескинлик сақланиб қолмоқда. 

Маҳаллий аҳолининг айтишича, Султонгазида жиноятчилик билан боғлиқ вазият қочқинлар пайдо бўлгандан кейин ёмонлашган ҳамда маҳаллий аҳоли ва қочқинлар ўртасида тўқнашувлар мунтазам юз бериб туради.