АҚШдаги "Ягона Сан-Педро" жамоатчилик уюшмаси 14 май куни АҚШ президенти Дональд Трампни ўз солиқ декларациясини ошкор қилишга чақирувчи флешмоб ўтказди. Акция Калифорния штатидаги Ранчо-Палос-Вердесда жойлашган Трампга тегишли гольф майдонида ўтди.

15 дақиқа ичида флешмобнинг 200 га яқин иштирокчиси чим устига ётиб, ўз таналари билан "RESIST!" ("Қаршилик кўрсат!) сўзини ташкил қилишди. Акция охирида эса улар АҚШнинг "Тангри, Американи сақла" мадҳиясини ижро этишди.

"Ўз тананг билан "Солиқларингни ошкор қил" деган ёзувни ташкил этиш қийинроқ масала. Бундан ташқари, биз шунчаки ўз ватанимизга муҳаббатимизни изҳор қилмоқчи эдик", деб айтди Los Angeles Times нашрига акция иштирокчиларидан бири, собиқ журналист Питер Макуоррен.

"Ягона Сан-Педро" ташкилоти Трамп инаугурациясидан кейин пайдо бўлган. Ҳаракат Трамп сайлов штабининг Россия билан тил бириктиргани изларини аниқлаш учун мустақил прокурор белгиланишини талаб қилиб келади.