Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ракета соҳасида фаолият юритувчи олимлар ва технологларга "янги синовларга тайёр туришни" буюрди. 15 май куни Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, Ким Чен Ин бу ҳақда 14 май куни янги турдаги, ўрта масофаларга мўлжалланган "Хвансон-12" баллистик ракета синови ўтказилгандан кейин айтди. Ракета 787 км учиб ўтган.  

"Янада аниқроқ ва кучлироқ ядровий қурилмалар ва зарба берувчи воситалар яратиш, АҚШ ва унинг вассаллари тўғри қарор қабул қилмагунча давом этадиган янги синовларга тайёр туриш зарур", деб айтди Шимолий Корея етакчиси. У Шимолий Кореяни "бостириб турувчи кучли ҳарбий салоҳиятга эга ядровий давлат" деб атаб, "агар АҚШ халқ республикасига нисбатан ҳарбий фитна уюштиришга ботина олса, Пхеньян жавоб беришга тайёрлигини" билдириб қўйди. 

Корея марказий телеграф агентлигининг маълум қилишича, 14 май куни ўтказилган баллистик ракета синови муваффақиятли ўтган. Ракета учирилиши қўшни давлатлар хавфсизлиги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилган. Синов "йирикроқ ядровий жанговар каллакка мўлжалланган янги турдаги баллистик ракетанинг тактик ва технологик кўрсаткичларини баҳолаш учун" ўтказилган.