Профессор Саидмурод Мамашокировнинг 2017 йил 10 мартдаги мақоласини файласуфларнинг қалб нидоси, войвайлоси, десам бўлади. 

Битта ибратли мисол: 2012–2016 йилларда Олий аттестация комиссияси (ОАК) томонидан 226 фан доктори илмий даражасини олишга даъвогарларга диссертация ҳимоя қилишга рухсат этилган ва улар диплом олишган. Мазкур омади чопганлар (мен уларнинг ОАКнинг ғайриқонуний ва ғайриилмий чиғириқларидан мувафаққиятли ўтгани билан табриклайман, албатта) ичида бирорта файласуф йўқ.

Наҳотки, шу йиллар ичида фалсафа бўйича бирорта ҳам даъвогар чиқмади? Аксинча, илмий даражалар бериш, Низомларининг ва ОАК талабларининг кетма-кет ўзгартирилганига қарамай тадқиқотчиларимиз сўфиёна сабр, чидам ва мардонаварлик билан ҳимоя қилишга тайёргарлик кўриб келадилар. Ўрта ҳисобда ҳар йили камида 5–6 даъвогар илмий даражали бўлиши тайин эди. Бироқ, ОАК раиси А.Юсуповнинг ғайриқонуний ва ғайриилмий даъволари туфайли тайёр диссертациялар ҳимоя қилинмай келади.

1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра фуқароларга илмий ва техникавий ижод эркинлиги кафолатланади, 67 моддасида эса «цензурага йўл қўйилмайди», дейилган. Бу талаб барча ижод соҳасига тааллуқлидир. 

ОАК эса бутун илмий даража ва унвон бериш жараёнини ўз қўлига олиб, фақат ўз сўзи, қарашини тўғри, деб билади. Диссертация мавзуларини тасдиқлашни, ким тадқиқот олиб бориши мумкинлиги (лаёқат тестини), қанча имтиҳон минумумлар топшириши, қайси тилларда диссертация ва авторефератлар тайёрлаши, қандай журналларда ва қайси давлатларда мақолалар чоп этиши, тадқиқот натижаларини қайси муассасаларга жорий этиши, қачон семинарлардан ўтиши, нечта далолатнома олиши шартлигини у белгилайди.

Автореферат, диссертация ва ҳужжатларни қандай тайёрланганини, қайси жумладан кейин қайси жумла келишигача фақат А.Юсупов «билади». Шу тариқа у Илмий кенгашларни, олимларни ўз оғзига қаратиб олган. Ҳатто семинарлардан ўтган тадқиқотчилар ҳам унинг шахсий рухсатисиз ҳимоя қилолмайди. ОАК раисининг «Қодири Мутлақ»лиги Илмий кенгашлар ва изланувчиларнинг ҳуқуқларини йўққа чиқарган. 

Бюрократик талаблар боис, масалан, изланувчи биргина мавзуни тасдиқлаш учун бир, бир ярим йил вақтини йўқотмоқда. Мавзу кафедрада, факультет, кейин ўқув юрти илмий кенгашида, илмий семинарда ва олимлар учрашувларида муҳокама қилингани ОАКни қизиқтирмайди. У истаса мавзуни чоп этишга рухсат беради, истамаса — йўқ. 

Шунча муҳокамалардан сўнг ОАК раисининг бир сўзи мавзунинг қисматини белгилаши, С.Мамашокиров тўғри қиёслаганидек, қатағон йилларидаги бешафқат, ғайриқонуний ҳукмга ўхшайди. Наҳотки, А.Юсупов фалсафадаги муаммоларни яхши билса? Шубҳали даъво! Ҳаттоки, умрини фалсафа илмига бағишлаганлар ҳам бундай даъво қилолмайди. 

Нима учун мавзу қайтарилганини, ОАК бюллетенида чоп этилмаслигини у етарли изоҳлаб ҳам бермайди. Тўғри, чалакам-чатти ёзилган, икки бармоқ энлигидаги қоғозча келади, унда мавзу тасдиқланмагани кўрсатилади, холос.

Мавзуни қандай тўғирлаш керак, нималардан воз кечиб, уни долзарб қилиш мумкин, муаммонинг қайси томони илм-фан учун муҳимлигини кўрсатиш ОАК ходимларининг бурчи эмасми? Агар ОАКдагилар ўта билимдон бўлса, кетидан бораётган, энди мустақил изланишга қадам қўяётган ёшларга етарли, тўғри маслаҳат, тавсиялар берса бўлмайдими? 

Мавзунинг тадқиқот жараёнида ўзгариши табиий ҳол, ижодий изланиш диссертациянинг нафақат мавзусини, шунингдек, мақсади ва вазифаларини, ҳатто концепциясини ўзгартириб юбориши мумкин. Наҳотки, ушбу аксиомани ОАК ходимлари билмаса? 

Шунинг учун С.Мамашокировнинг мавзуни тасдиқлаш ҳуқуқини Ихтисослашган кенгаш (ҳозир Илмий кенгаш) ёки Илмий семинарга бериш ҳақидаги таклифида жон бор. Ваҳоланки, 2016 йил 28 апрелда тасдиқланган Низомда диссертация мавзуси олий таълим ёки илмий тадқиқот муассасаси кенгаши томонидан тасдиқланиши қайд этилган. Мазкур ҳужжатни А.Юсуповнинг ўзи тасдиқлаган ва унинг ўзи уни ўзбошимчалик билан бузиб келади.

Бу ўринда ОАКнинг мавзуларни амалиёт билан боғлаш талаби ҳам фалсафа учун номақбул эканини айтиб ўтишим зарур. Фалсафанинг шундай ички, онтологик ва гносеологик муаммолари мавжудки, улар амалиёт талабларига мувофиқ келавермайди. ОАКнинг мазкур оддий ҳолни билмаслиги, аслида волюнтаризми, ҳайратланарли ҳол.

2. Агар илмий изланувчи тадқиқот ўтказишга лаёқатли эканини тест топшириш орқали тасдиқласа, нима учун у яна имтиҳон минимумлар топшириши зарур? Бундан ташқари, ахир у Ўзбекистон тарихи, чет тиллар имтиҳонларини мактабда, олий ўқув юртига кираётганида ва уни битираётганида, ихтисосликдан эса давлат имтиҳонлари топширади-ку?!

Ўта ҳайратли томони шундаки, ОАК лаёқат тестлари ва имтиҳон минимумлар илмий изланишлар савиясига қандай таъсир этаётганини ҳеч қачон ўрганмаган. Ушбу малакавий имтиҳонлар устига Мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асосларидан ҳам минимум топшириш қўшган. Бу имтиҳонларни топшириш атрофида қанча майда гап-сўзлар юраётганини, асаблар ва муносабатлар бузилаётганини ОАК билмайди дейсизми? 

Имтиҳонларни қабул қилиш билан қанча олимлар банд, уларнинг хизматига ҳақ тўланмайди. ОАК экспертларига ҳам, Илмий кенгаш аъзоларига ва диссертация оппонентларига ҳам ҳақ тўлаш зарурлигини хаёлига келтирмайди. Нима учун диссертация ҳимоя қилган ходимнинг оладиган маоши маъмурий ходим (бўлим бошлиғи, кафедра мудири, декан, проректор, ректор ва бошқалар) никидан кам?    

3. Тадқиқот натижаларини чоп эттириш борасида ҳам ОАК бюрократик тўсиқлар кашф этишга уста. Унинг рўйхатига кўра, мақолаларни миллий нашрлардан фақат 16 та журналларда чоп этиш мумкин. Фалсафа барча илм-фанлар, ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалар билан боғлиқ, шунинг учун унга оид мақолаларни айрим журналлар билан чегаралаш нотўғри. 

Нима учун халқаро нуфузга эга «Жаҳон адабиёти», «Шарқ юлдузи», «Санъат», «Театр», «Ёшлик», ҳатто бирорта ҳам педагогика ва психологияга оид журналлар рўйхатда йўқ? Ўзбекистонда юздан зиёд журналлар чиқади, ОАК ходимлари буни билиб қўйсалар дуруст бўларди.

Тағин, бир масала. Чет элларда мақолалар чиқариш Ўзбекистоннинг халқаро мавқеи учун зарур, аммо у ОАК қилганидек, чекланган журналларда ва албатта, иккита бўлиши шарт эмас. Қаерда, қайси журналлар ва ахборотномаларда, қанча мақолалар чоп этилишини ОАК эмас, мутахассислар муҳокамасидан кейин Илмий кенгаш белгилаши зарур. Ҳақиқатан ҳам, нима учун рўйхатда Марказий Осиё, мусулмон давлатлари нашрлари йўқ? 

Чамаси А.Юсупов ушбу давлатларда ҳам фалсафий мактаблар мавжудлигини, уларнинг фалсафий ва маънавий мероси Ғарбникидан қолишмаслигини билмайди. Республикамиз олий ўқув юртлари Ахборотномаларини менсимаслик ОАКга муносиб иш эмас, уларда берилаётган мақолаларни илмий таҳлил этмай, ўрганмай «салоҳияти паст» дейишга ўзининг салоҳияти паст журъат этиши мумкин. 

ОАК диссертантдан «замонавий адабиётлардан фойдаланиш»ни талаб этади. Қайси адабиётлар замонавий, қайси адабиётлар замонавий эмас, буни ким аниқлайди? Кейинги 15–20 йиллар ичида чоп этилган адабиётлар замонавий-ю, илгари нашр қилинганлари замонавий эмасми? Ахир бу тарихни, ўтмишни ва меросни кўр-кўрона рад этиш-ку?! Бу талабни илм-фан, маданият соҳасидан хабардор одам илгари суриши мумкинми? 

ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрда Ўзбекистонда фалсафа илм фанга айланди, ОАК эса айнан ушбу даврни хотирадан ўчириб ташламоқчи. Қайси даврга оид адабиётлардан фойдаланиш тадқиқотчининг ҳуқуқи эканини билмайдиган, билишни истамайдиган ОАКдан сунъий тўсиқлардан, сансолорликлар кашф этишдан бошқа нималар кутиш мумкин?

4. Тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш, айниқса фалсафий изланишларда, ғоят мураккаб. Чунки фалсафанинг универсал, кенг қамровли, гоҳо ўзи билан ўзи баҳслашиб юрадиган соҳа эканлиги унинг натижаларини конкрет усул, восита ёки механизм сифатида амалиётга жорий этишга имкон беравермайди.

Аммо ОАК тадқиқотчиларимиздан натижаларини амалиётга жорий этилганлиги ҳақида далолатномалар талаб этади. Тағин у, ўқув юртлари фаолиятига жорий этилган махсус курслар, дарслар, ўқув қўлланмалари, дарсликлар, маънавий маърифий тадбирларни эътиборга лойиқ эмас, деб ҳисоблайди. 

Бундай фикрга нафақат фалсафадан, шунингдек, ижтимоий-гуманитар фанлар хусусиятларидан мутлақ бехабар шахс келиши мумкин. Гоҳо ушбу фанлар натижаларини қабул қилишга жамият тайёр бўлмайди ёки улар гипотетик хусусиятга эга бўлади. Ижтимоий гуманитар фанларга оид тадқиқотлар уйғотадиган фикр, баҳс, аудитория диққатини жалб этадиган ғоя ҳам улар натижаларининг амалиётга жорий этилиши ҳисобланади. Буларга зид талаблар илмий изланувчиларни мавзусига ҳеч қандай алоқаси йўқ ташкилотдан далолатнома келтиришга мажбур қилади. 

Бу эса фалсафага бўлган муносабатларни янада сийқалаштиради, унинг натижаларини баттар сохталаштиради. Умуман ОАК қайси соҳа, қандай ихтисосликлар илмий тадқиқотлар натижаларини жорий этишга муҳтож эканини билармикан? Бу ҳақда унинг бирорта тасаввури бормикан ўзи?

5. Таълим-тарбия тизимини, ёшларни илм-фанга қизиқтириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашни илмий педагогик кадрларсиз тасаввур этиш мушкул. ОАК зиммасига ана шундай кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. Хўш, ушбу ташкилотнинг бу вазифасига муносабати қандай? 

Ишончим комилки, ОАК ва экспертлар гуруҳларида фидоий, илмсевар кишилар кўп. Ўзим икки муддат экспертлар гуруҳи аъзоси бўлганман, қандай илмий ва ташкилий масалаларни ҳал қилишга тўғри келишидан яхши хабардорман. Бироқ кейинги йилларда ОАК замонавий ўзгаришларга мувофиқ келмайдиган, тоталитар тузум даврида шаклланган, мутлақ ёпиқ ташкилотга айланаётгани кўзга ташланмоқда. 

Масалан, ОАК зиммасига илмий педагогик кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган бўлса-да, у қайси вилоятга, қайси йўналишдаги ўқув юртларига қанча профессор, доцент, илмий изланувчилар тайёрлаш зарурлигини, яъни жамиятимизнинг, таълим-тарбия тизимимизнинг қанча илмий педагогик кадрларга муҳтожлигини айтиб беролмайди. 

Вилоятлардаги олий ўқув юртларида, тадқиқот марказларида фалсафа, социология, сиёсатшунослик, педагогика ва психология бўйича илмий даражали кадрлар етишмаётгани, қолмаётгани барчага маълум. ОАК раиси илмий кенгашлар, олимлар билан учрашиб, нима учун фалсафий фанларларда ҳимоя бўлмаяпти, сабаби нимада, деб қизиқиб кўрмаган, балки, аксинча, йиллаб навбат кутган, ҳимояга тайёр даъвогарларни эшигига йўлатмай, тадқиқ қилинди, ўрганилди, таҳлил этилди, муаммолар, вазифалар қўйилди каби илмий истеъмолдаги сўзларга қарши чиқиб, асоссиз даъволари билан тадқиқотчиларни сарсон қилиб келади. Ҳар бир сўз, ҳар бир жумла учун вилоятлардан тадқиқотчиларнинг қайта-қайта қатнашларини, оворагарчиликларни энди тасаввур қилинг! 

Шу боис ҳам кўпгина иқтидорли изланувчилар «бор-е» деб илм-фан соҳасидан, таълимдан кетиб қолишган. Олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказлари у ёқда турсин, ҳатто коллеж ва лицейларда ишлаётганларнинг Японияда 32 фоизга яқинини, Жанубий Кореяда 28 фоизини, Англияда 26 фоизини илмий педагогик кадрлар ташкил этади. Бизда улар 3 фоиздан ошмайди. Илм соҳасига янги кучлар, ёшлар кирмоқчи, аммо ОАК маъмурий бюрократик талабларининг сунъий тўсиқ бўлаётгани ачинарли ҳол эмасми?

Мен биламан, айрим диссертацияларда илмий янгиликлар тавтологик хусусиятларга эга, уларда саёзлик, баёнчиликка берилиш кузатилади. Лекин ижтимоий гуманитар соҳалардаги тадқиқотлардан Америка очишни талаб этиш ғайриилмий ёндашишдир. Тадқиқотлар эмпирик тажрибаларни ўрганиш, мавжуд назарий билимларни умумлаштириш, янги гипотезаларни илгари суриш, соҳанинг тор, ички масаларини муҳокама қилиш тарзида ҳам бажарилиши мумкин. 

ОАКга эса бу йўналишдаги тадқиқотлар зарур эмас. Бу билан у ижодий масалалар билан шуғулланувчи, илмий, ижодкор кадрлар тайёрлашга бош-қош бўладиган муассаса эканини унутиб қўйганини кўрсатади. 

Шунинг учун С.Мамашокировнинг ОАК ва Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан бирлаштириш ҳақидаги таклифини ўринли деб ҳисоблайман. Диссертациялар ҳимоя қилиш ва илмий даражалар, унвонлар бериш ҳуқуқини олий ўқув юртларига ўтказиш лозим. 

Бу, биринчидан, олий ўқув юртларининг илмий салоҳиятини оширади, иккинчидан, илмий тадқиқотларни жойлардаги аниқ эҳтиёжларга мувофиқ олиб бориш имконини беради. Барча тадқиқотчилар ҳам Форобий ёки Беруний бўлавермайди, аммо уларнинг қалбидан жой олган илм-фанга, фикрлашга, ижодга қизиқиш қолган ёшларга ҳам ўтишини унутмаслик керак. Акс ҳолда тадқиқотлар олиб бормайдиган баъзи ҳамкасбларимизнинг илмий муаммоларга талабалар диққатини жалб этиш ўрнига уларга латифа, ҳангомалар айтиб беришга ўтишгани сир эмас. Начора, мулла билганини ўқийди-да!

Яна бир муаммо. Фалсафа фанлари доктори, профессорлар олий ўқув юртларида ярим, чорак ставкага тушириб қўйилганини, нафақа ёшига етди? деган баҳонада таълим тизимидан сиқиб чиқарилаётганини наҳотки ОАК билмайди? Наҳотки, ижтимоий-гуманитар фанларда самарали ижод қилган олимлар тажрибаси, илмий салоҳияти ҳеч кимга керак эмас?...     

6. Илм-фанни ривожлантиришда Фанлар Академияси муҳим ўрин тутади.. Айниқса, академикларнинг сўзлари, асарлари илм аҳлининг диққатини тортади. Негадир биздаги академиклар изланишларида турғунлик пайдо бўлгандек.
Улар матбуотдаги илм-фанга оид баҳсларда иштирок этишмайди, изланишлар савиясига баҳо бериш, янги йўналишлар очиш ва илмий кадрлар тайёрлаш муаммоларига бефарқ. Охирги марта академикликка сайлов 2000 йилда ўтказилган. Унда фалсафадан атиги икки киши сайланган. Шундан бери 17 йил ўтибдики, ОАК сайлов ўтказишни кун тартибига қўймади. Ахир академик ҳам илмий кадрлар тайёрлаш тизимидан чиқмайдими?

Умуман, Фанлар Академиясининг янги низомини тузиш, ундаги бюрократия ва «лаббай»чиликка барҳам бериш зарур. Академикларимиз жаҳон олимлари билан баҳслашоладиган бўлсин. Бугун энг ёш академигимиз 68 ёшда. Менинг фикримча, илмий изланишлар соҳасига ҳам бозор муносабатларини кенг жорий қилиш даркор. Олимлар мақолалар, китоблар чоп эттирсаю муаллифлик ҳақини олмаса, бу адолатдан эмас. Советлар даврида уларнинг телевидение ва радиода чиқишига, жойларда ўқийдиган маърузаларига ва уюштирадиган учрашувларига ҳам ҳақ тўланарди.

7. Илмий тадқиқот институтлари ва марказлари грантлар асосида фаолият юритади. Негадир фалсафий фанларга оид тадқиқотларга чет эллик грантлар бериш тартиби шаклланмаган. Икки, уч йилда ажратиладиган грантларни эса нуқул бир гуруҳ кишилар «ютиб» олади. Вилоятлардан келган лойиҳаларнинг бирортаси ўтганидан мен бехабарман. 

Лойиҳаларни баҳоловчи экспертларнинг таниш-билишликка мойиллигини, тепадан туширилган лойиҳаларни ўтказиб келаётганини ҳамма билади. Баъзи марказ ходимлари ўз грантларини ва ўзига яқинларининг грантларини баҳолашга эксперт қилиб чақирилади. Уларнинг на грант мавзуларидан хабардорлиги, на илмий салоҳияти, на объектив баҳолай олиш қобилияти бор-йўқлиги ҳисобга олинади. Натижада илмий марказлар, тадқиқотчилар ўртасида илмий-ижодий рақобат, баҳс йўқ. 

Ажабланарли ҳол шундаки, битта лойиҳа ҳар хил иборалар билан танловдан ўтаверади. Тадқиқот натижаларининг савияси, қанчалик зарурлиги илмий жамоатчилик эътиборидан, назоратидан чеккада қолмоқда, чунки уларга оид ҳисоботлар билан танишишнинг имкони йўқ. 

Нима учун тадқиқот натижалари ва йиллик ҳисоботлар кутубхоналарга юборилмайди, интернетга жойлаштирилмайди? Нега грант мавзулари, ундаги иштирокчилар, қанча маблағ ажратилгани илмий жамоатчиликка етказилмайди, ҳаммаси сир сақланади? Бугун грант иштирокчилари ичида Ўзбекистонда яшай туриб, бирор марта ҳам грант бажарилаётган муассасага ташриф буюрмаган, нимага маош олиб келаётганини тушунтириб беролмайдиган «ўлик жонлар» қанчадан қанча. 

Илмий тадқиқот марказларида Меҳнат Кодексига, қонунга умуман амал қилинмайди, уларнинг раҳбари ва ходимлари истаган пайтида ишга келади, истамаса ойлаб, ҳатто йиллаб ишга келмаслиги мумкин. Ойда бир марта бухгалтерияга кириб турса бас, тағин улар йил охирида мукофотлар олишади. «Ўлик жонлар» ва сохта командировкаларга кетадиган маблағларни тадқиқот натижаларини чоп этишга сарфлаш мумкин-ку?! 

Қаранг, уч йил давомида тўрт беш «олим» «тер тўкиб», маош олиб таёрлаган китоб атиги 100, жуда нари борса 300 ададда чоп этилади. Ушбу ададларнинг чин эканлигини ҳам ҳеч ким текширмайди. Натижада ижтимоий-гуманитар фанларда ғайриилмийлик ва чаламуллалик авж олган.

8. С.Мамашокировга берган жавоб хатида ОАК, ҳужжатлар таркиби 42 фоизга, уларни қабул қилиш вақти 83 фоизга, ҳимоя қилиш муддати 50 фоизга ва ҳимоядан кейин ҳужжатларни тақдим этиш муддати 66 фоизга қисқартилган, деб ёзибди.

Ҳужжатлар таркибининг 42 фоизга қисқартирилгани шубҳали. Илгари топшириладиган имтиҳон-минимумлар учта эди, энди улар – тўртта, лаёқат тести билан бешта; илгари фан номзодлари учун чоп этиладиган мақолалар сони иккита, фан докторлари учун бешта ва монография талаб этилар эди, ҳозир мақолалар сони ўн бешта, тағин иккитаси Ғарб давлатларидаги махсус журналларда чоп этилиши керак; илгари далолатнома ихтиёрий тарзда битта келтириларди ҳозир уларнинг сони тўрт-бешта, келтириш эса мажбурий; илгари автореферат битта тилда ёзиларди ҳозир у уч тилда ёзилади. Ана сизга ҳужжатлар таркибининг 42 фоизга қисқартирилгани! 

Ёки ҳужжатларни қабул қилиш вақтининг 83 фоизга қисқартирилганини олайлик. Қизиқ, ОАК бу вақтнинг қисқартирилганини қандай ўлчади экан? Мен номзодлик диссертациясини Ленинград (Санкт Петербург)да ҳимоя қилганман. Икки кундан кейин Тошкентга қайтишим ва дарсимни ўтишим керак эди. Ҳимояга оид барча ҳужжатларни Ихтисослашган кенгаш котибаси йиғиб Москвага, ОАКга юборган, мен аралашмаганман. Ҳеч қандай хизматга ҳақ тўламаганман, барчаси махсус фонд орқали амалга оширилган, йўл харажатлари давлат ҳисобига бўлган. 

Хўш, бугун-чи? Барча қоғозлар учун илмий изланувчи югуради, яъни ҳимоядан олдин ишини ОАКга кўрсатади (бу синовга бардош берган тадқиқотчи борлигини билмайман. Агар диссертация олдин ОАКда кўрилса, раис тасдиқласа, уни Илмий кенгашда ҳимоя қилишнинг нима ҳожати бор? Мантиқ қани?!), семинар, Илмий кенгаш, муҳокамалар протоколларини, оппонентлар нутқларини ёзади, авторефератини чоп эттиради ва почта орқали турли республикаларга тарқатади, тақризлар йиғади, қайдномалар, овоз бюллетенлари ва Илмий кенгаш қарорлари ва ҳимоя стенограммасини тайёрлайди.

Хўш, айтинг-чи, буларга қанча вақт кетади? Илмий изланувчининг қанча маблағи кетади? Агар у бошқа вилоятдан келган бўлса-чи? Мен дадил айтишим мумкинки, хатда келтирилган фоизлар ОАК раисининг профессор С.Мамашокиров ва у орқали бутун илмий жамоатчиликни лақиллатишга қаратилган навбатдаги кашфидир.

9. С.Мамашокиров ОАК ваколат мақомини, ташкилий структурасини, функцияларини ислоҳ қилишга чорлайди. Менинг фикримча, ОАК тоталитар тузумдан қолган, илм-фан, ижод эркинлиги устидан маъмурий ва мафкуравий назорат ўрнатиш мақсадида ташкил этилган муассаса эди. У ўз даврини яшаб бўлди. Энди илмий даражаларни бериш ҳуқуқи олий ўқув юртлари ва илмий марказларга ўтказилиши мумкин. 

Агар ушбу даргоҳлар илмий кадрларга муҳтож бўлса, уларга маош беролса, изланишлар олиб бориши учун шарт шароитлар яратса, марҳамат, даъвогарга илмий даража берсин. Ўқув юртларидаги ходимлар ёппасига профессор бўлганида ҳам илм-фанга улардан кўпи билан икки-учтасигина ҳақиқий ҳисса қўшади, буни тарихий тажриба тасдиқлайди, аммо профессор, илмий даражага эга кадр аудиторияда латифа, чўпчак айтмайди, у ўзининг илмий мавқеини йўқотишдан уялади, қўрқади. 

Диссертацияларнинг вазифаси, яна айтаман, Америка кашф этиш эмас, балки, бу — энг муҳими, эркин ва илмий-ижодий фикрловчи кадрларни етказиш, улар орқали миллатнинг, халқнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдир. Бугун бизга ўз ҳукмини ўтказаётган тоталитар тузум йўқ, нега ахир биз ўзимизнинг тагимизни ўзимиз қирқишни фаолият тарзига, иш усулига айлантираяпмиз? Нега билишга, изланиш ва яратишга интилаётган ақл эгаларининг, жамият тараққиёти, эл юрт, келажак авлодлар манфаатларини унутиб, кўкрагидан итаришга ўрганаяпмиз? Миллатнинг, халқнинг таназзули, қолоқ кун кечириши, бошқаларга муте, қулга айланиши мана шундай ичиқароликдан бошланмаганми?..

ОАКнинг диссертация ва авторефератни тайёрлашга қўйган талаблари ҳам кўпгина ўринларда мавҳум ва мужмал, турли саволлар уйғотади. 

Масалан, нима учун аниқ фанларда чоп этилган монографиялар 3 та мақола ўрнига ўтади-ю, ижтимоий гуманитар фанларга оид монографиялар ҳатто «эълон қилинган илмий ишлар жумласига кирмайди»? Ахир бу ижтимоий-гуманитар фанларни, улардаги тадқиқотлар натижаларини менсимаслик-ку?!

Дастлабки экспертизадан, семинардан ўтган тадқиқотларни ҳимояга қабул қилиш муддати нега Низомда аниқланмаган? Ахир бу сансалорликка, суистеъмолчиликларга йўл очиб беради-ку?! Бунга А.Юсуповнинг семинарлардан ўтган диссертацияларни ҳимояга қўймай, ёш тақиқотчиларни йиллар сарсон қилиб келаётгани мисолдир. 

Илгари иқтибослар матн тагида берилган, бу билдирилаётган фикр кимники эканини, матндан диққатни узмай, тез билиш имконини берган. ОАК янгилик кашф этмоқчи бўлиб, адабиётларни диссертация охирида келтириш тартибини ўрнатади, у бу «янгилиги» (аслида, сохта янгилик) билан ўқувчининг диққатини бўлишга ва вақтини олишга сабабчи эканини англамайди. Бундай мисолларни яна келтиришим мумкин. 

Профессор С.Мамашокиров ва менинг юқоридаги фикр-мулоҳазаларим республикамиздаги илмий тадқиқотларни тараққиёт мақсадларига йўналтириш, иқтидорли илмий педагогик кадрлар тайёрлашни тубдан янгилаш, ижод эркинлигини таъминлаш ва очиқ илмий баҳс, интеллектуал назорат муҳитини яратиш долзарб муаммога айланганини кўрсатади. Агар бизга ҳақиқий ижодкорлар, олимлар керак бўлса, илмий изланишларга қўйилган сунъий тўсиқлардан халос бўлишимиз шарт. 

Ҳеч ким мутлақ билимга даъвогар бўлолмайди; бирор нимани билиш ва ўрганиш учун кетидан эргашаётган ёш ақлни қўллаб қувватлаш, гоҳо хатоларини кечириб, унга тўғри йўл кўрсатиш аҳли ориф зиммасига юклатилган вазифадир. 

Виктор АЛИМАСОВ, 
фалсафа фанлари доктори