Россия президенти Владимир Путиннинг маълум қилишича, Россия “товламачи-вирус” киберҳужуми натижасида жиддий зарар кўрмади ҳамда Москванинг рўй берган ҳодисага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ҳақда Газета.ru хабар берган.

“Биз учун зарар жуда катта бўлмади. Банк, соғлиқни сақлаш, бошқа соҳалар учун”, - деди давлат раҳбари киберҳужум Россияга қанчалик талофот келтирди, деган саволга жавоб бераркан.

Путиннинг таъкидлашича, кибермаконда бундай ҳужумлар рўй берадиган вазият “жуда хавотирли, ташвишга сабаб бўлувчидир”.

“Microsoft раҳбарияти бу ҳужумнинг бирламчи манбаси Қўшма Штатлар махсус хизматлари эканини айтди, Россиянинг бунга алоқаси йўқ”, - дея қўшимча қилган Россия президенти.

Путиннинг сўзларига кўра, бу вазият ҳақида “ҳар доим айбдорларни, улар бўлмаган жойдан қидиришади”, дейиш мумкин экан.

“Бутилкадан чиқарилувчи шундай жинлар, ҳаттоки ўз муаллифлари ва яратувчиларига ҳам зарар келтиришга қодир”, - дея таъкидлаб ўтди у.

Шунингдек, унинг аниқлик киритишича, 2016 йилда Россия америкалик шерикларга киберхавфсизлик бўйича келишув ишлаб чиқишни таклиф қилган, бироқ якунда ҳеч нарса қилинмади. Шу билан бирга, Путиннинг бундай ҳужумлардан ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш лозимлигига ишончи комил.