Ҳасан Топилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) меҳнат қилиб, ҳалол топишдан кўра, осон йўл билан “мўмай” даромад топиб, фаровон ҳаёт кечиришни афзал билди. Шу боис фирибгарликни ўзига касб қилиб олди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ўтган йилнинг май ойида таниши Равшан билан пойтахтдаги кафелардан бирида ўтирганида, қўшни столдаги бир гуруҳ йигитлар билан танишиб қолди. Ўзини ҳуқуқ-тартибот идораларида ишлайман, дея таништирган Ҳасан бирор муаммо бўлса, ҳал қилиб беришини айтди-да, имкониятдан фойдаланиб, янги танишларига тузоқ қўйди. Шу куни бир-бирларига телефон рақамларини берган йигитлар хайрлашишди.

Кўп ўтмай, Ҳасаннинг режаси амалга оша бошлади. Янги танишларидан бири Сардор Самадов унга қўнғироқ қилиб, бир масалада ёрдам керак бўлиб қолганини айтди. Пойтахтдаги кичик ҳалқа йўлида жойлашган кафелардан бирида учрашишганда, Сардор муаммони ўртага ташлади. Маълум бўлишича, унинг Қибрай туманида 8 сотихли уй-жойи бор бўлиб, уни бир пайтлар турмуш ўртоғининг иштирокисиз сотиб юборган экан. Айни вақтда аёли билан жанжаллашиб қолибди. Аёли мазкур уйнинг олди-сотди шартномаси ноқонуний амалга оширилган, дея уни бекор қилдириш учун судга берибди. Хуллас, Сардор шартнома бекор қилинмаслигини илтимос қилиб, Ҳ.Топиловнинг ёнига келган экан.

-  Бу муаммо ҳал бўлади, - деди Ҳ.Топилов. – Ҳозир судда ишлайдиган танишим билан гаплашиб кўраман.

У кимгадир қўнғироқ қилди. Ўн беш дақиқача давом этган суҳбатдан сўнг Сардорга юзланиб, унинг иши фақат ўн минг “кўки” эвазига битишини билдирди.

Улар яна бир неча соат гаплашишди. Ниҳоят, Ҳасан бу ишни 20 млн. сўм ва 5 минг АҚШ доллари эвазига битиришга келишди.

Ҳ.Топилов 2 минг 500 АҚШ долларини олдиндан келтириб беришни сўради. Сардор айни вақтда пули йўқлигини, машинасини тез кунда сотишини, пулни кейин беришини айтса ҳам Ҳасан пулни қистайверди. Устига-устак, уй-жой масаласи судда кўрилиб, одилона қарор қабул қилинди. Шундан сўнггина Сардорнинг кўзи очилди.

СВОЖЖДЛҚК департаментининг Шайхонтоҳур туман бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда Ҳ.Топилов 2 минг 500 АҚШ долларини фирибгарлик билан қўлга киритаётган вақтда қўлга олинди.

Ҳ.Топиловнинг “мўмай” даромад топиб, кун кечиришига қонун ҳимоячилари йўл қўйишмади. Суд ҳукми билан фирибгар қилмишига яраша жазоланди.