Япониянинг Toyota корпорацияси учар автомобилни яратиш бўйича лойиҳага 350 минг доллар ажратишга қарор қилди. Лойиҳа билан корпорациянинг бир неча ходими кўнгилли равишда шуғулланмоқда, деб хабар берди Nikkei Shinbun газетаси.

Cartivator номли лойиҳа 2012 йилда ишга туширилганди, бироқ айни дамга қадар интернет орқали йиғилган маблағлар ҳисобига ривожланиб келган. У 2019 йилга келиб замонавий квадрокоптерлардаги каби тўртта роторга эга бўлган учар қурилма прототипини яратишни назарда тутади. Ишланма ерда ҳам оддий автомобиль каби ҳаракатланиши керак.

Лойиҳа концепцияси кўрсатилган видеороликдан кўриш мумкинки, бир ўриндиқли қурилма 2020 йилдаги Токио Олимпиадасининг бош аренаси ёнида қўнади, стадионга киради ва яна ҳавога кўтарилади, уни бошқараётган киши эса олимпия машъаласини ёқади. Кутилишича, ишлаб чиқарувчилар айнан шу муддатга келиб ўз режалари асосидаги учар автомобилни яратишнинг уддасидан чиқишади.

Ҳозирча асосий муаммо қурилмани ҳавода тўртта винт двигатели ҳисобидан барқарор ушлаб туришдадир. Шунингдек, конструкциянинг катта оғирлиги ҳам бир қадар мураккаблик келтириб чиқаради.