«Реал Мадрид» яримҳимоячиси Хамес Родригес «Севилья»га қарши Испания чемпионатининг 37-туридан олган учрашувда (4:1) 60-дақиқада захирага олинди.

Хамес майдондан чиқиб кетаётганида майдондан чиқишга шошилмасдан мухлислар билан хайрлашди ва уларга миннатдорчилик билдириб олқишлади. Хориж матбуотининг ёзишича, бу Хамеснинг «Реал» футболчиси сифатида Мадридда ўтказган сўнгги учрашуви эди.

«Реал»ни олдинда яна учта учрашув кутмоқда. Жамоаси Испания чемпионати доирасида иккита учрашувни меҳмонда ўтказади («Сельта» ва «Малага»га қарши). Яна бир учрашув «Ювентус»га қарши 3 июнь куни бўлиб ўтадиган ЕЧЛ финали.

Аммо Хамеснинг кетиши ҳақидаги хабарларни бош мураббий Зидан тасдиқламади

«Хамес кетаётгани ҳақида ҳали менга ҳеч нарса демади. Ҳозирги вақтда у — «Реал Мадрид» футболчиси. Биз ҳозир фақат Ла-лига ва ЕЧЛ финали ҳақида ўйламоқдамиз», деган Зидан.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, колумбиялик 26 ёшли футболчи «Манчестер Юнайтед» билан оғзаки келишувга эришиб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалганди.