«Реал» бош мураббийи Зинедин Зидан Испания чемпионатининг 37-тури доирасида «Севилья»га қарши кечган ўйин ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Мадриддаги «Сантьяго Бернабеу» стадионида бўлиб ўтган баҳс 4:1 ҳисобида якунланди.

«Испания чемпионатини ютиш жуда қийин, бироқ биз кун сайин бунга яқин келмоқдамиз. Атиги 2 та учрашув қолди, бугунгидек ўйнашда давом этамиз. Бугун баҳсни зўр бошладик ва ҳақли равишда ғалаба қозондик. Кейлор Навас бир неча бор жамоани қутқарди, сўнг алмаштиришлар „Реал“га қўшимча куч бағишлади ва биз иккинчи бўлимда ажойиб футбол кўрсатдик.

Кейлор Навас «Реал»нинг муҳим ўйинчиси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бугун у ажойиб ўйин ўтказди», - дея Зиданнинг сўзларини келтиради Marca.

Эслатиб ўтамиз, «Барселона» ва «Реал», 87 очкодан жамғарган ҳолда, турнир жадвалида етакчилик қилмоқда: каталонияликлар қўшимча кўрсаткичлар бўйича биринчи ўринда бўлишса, мадридликлар бир ўйин кам ўтказишган.