Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.2017 йилдаги 264-сон қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг мансабдор шахсларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари раҳбарларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Кўрсатиб ўтилган мансабдор шахсларга айбли хатти-ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) содир этганлиги учун ҳайфсан эълон қилиниши ёки лавозим маошининг 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилиши ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши (вазифасидан озод этилиши) мумкин.
 
Мансабдор шахснинг айбли хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ижро интизомининг тизимли ва танқидий таҳлили асосида, шунингдек қонунлар, Президентнинг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқлари ижроси юзасидан ўтказилган мақсадли ўрганишлар натижалари бўйича белгиланади. Улар Олий Мажлиснинг палаталари, Президент Девони, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширишлар ва ўрганишлар натижалари бўйича ҳам белгиланиши мумкин.
 
Мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги таклиф:

•  унга нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисида таклиф киритилган мансабдор шахсдан ёзма тушунтириш талаб қилинишини;

•  ҳужжатлар лойиҳаларини киритишнинг белгиланган муддатларининг бузилишига олиб келган сабаблари таҳлил қилинишини, шу жумладан киритилган ҳужжатлар лойиҳалари тақдим этилиши ва келишилиши хронологияси кўриб чиқилишини, шунингдек асоссиз равишда кечиктиришга йўл қўйган мансабдор шахслар аниқланган ҳолда ҳужжатнинг лойиҳасини сифатсиз экспертизадан ўтказган органларни аниқлашни;

•  қонун ҳужжатлари, Президентнинг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва топшириқларининг ўз вақтида бажарилиши таъминланмаганлиги, улар ижросини ташкил этишнинг ва назоратнинг паст даражаси сабаблари таҳлил қилинишини ўз ичига оладиган хизмат текшируви натижалари асосида киритилади.
 
Интизомий чоралар ижроси учун мазкур ҳолатда тегишли органнинг кадрлар хизмати ходимлари жавоб беради, жарима, рағбатлантириш бўйича тўловларнинг тўхтатилиши ёки уларнинг миқдори пасайтирилиши тарзидаги интизомий жазолар ижроси учун эса — молия хизмати (бош бухгалтер) жавоб беради.