«Эшторил» жамоаси ярим ҳимоячиси Матеус де Андраде Гама Оливейра Лиссабоннинг «Спортинг» клуби аъзосига айланди. Бу ҳақда жамоа расмий сайтида маълум қилинган. 

Португалия Примейрасида бу мавсумда учинчи ўринни эгаллаган жамоанинг янги аъзоси бразилиялик машҳур футболчи Бебетонинг ўғли ҳисобланади. У 1994 йилги жаҳон чемпионати ўтаётган вақтда туғилган, Бебето Нидерландияга қарши ўйин вақтида урган голини шу ўғлига бағишлаган ва чақалоқни аллалашни ифодаловчи бу нишонлаш услуби машҳурлашганди.

Айни вақтда 22 ёшда бўлган Оливейра билан 2022 йилга қадар шартнома тузилган. ОАВ маълумотларига кўра, «Спортинг» унинг трансфери учун «Эшторил»га 2 млн евро тўлаган. Лиссабонликлар клуби унинг бадал пули миқдорини 60 млн евро этиб белгилаб қўйган.

Маттеус исми бошқа бир машҳур футболчи Лоттер Маттеус шарафига қўйилган бўлиб, у футболчилик фаолиятини «Фламенго»да бошлаган, 2012 йилда «Эшторил» сафига келиб қўшилганди.

Португалия чемпионатининг 2016/17 йилги мавсумида Матеус де Оливейра 26 учрашувда майдонга тушган ва 2 гол урган.