Эроннинг биринчи вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий президентлик сайловларидан ўз номзодини олди. Бу ҳақда Жаҳонгирийнинг 16 май куни ISNA ахборот агентлиги томондан тарқатилган баёнотида айтилган.

15 май куни президентлик пойгасида иштирок этишдан Теҳрон мэри Муҳаммад Бағир Ғолибоф воз кечганди. У сайловчиларни консерватив партиялар альянсидан номзод Иброҳим Раисийга овоз беришга чақирган.

Шу тариқа, Эрон президенти лавозимига даъвогарлар 4 номзодгача камайди. Сайловларда етакчилар Эроннинг амалдаги президенти Ҳасан Руҳоний ва мамлакатнинг собиқ бош прокурори Иброҳим Раисий ҳисобланадилар. Эроннинг собиқ маданият ва ислом ориентацияси вазири Мустафо Оға Мирсалим ва собиқ саноат вазири Мустафо Ҳошимий Тоба номзодлари яққол аутсайдерлар сифатида кўрилмоқда.

Эрондаги президентлик сайловлари 19 май куни бўлиб ўтади. Номзодга сайловда ғолиб бўлиш учун 50 фоиздан кўпроқ овоз йиғиш талаб этилади. Агар ҳеч бир номзод бунга эриша олмаса, унда иккинчи босқич белгиланади ва унда биринчи босқичда етакчи бўлган икки номзод кураш олиб боради.