Франциянинг Ахборот технологиялари ва эркинлик бўйича миллий комиссияси (Commission nationale de l'informatique et des libertes, CNIL) Facebook'га 150 минг евролик жарима солиниши ҳақида маълум қилди. Бу ҳақида расмий ҳужжатларга асосланиб, РИА "Новости" хабар берди. 

CNIL баёнотига кўра, 2015 йилда Франция ҳукумати Facebook'га маҳаллий қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида хабар берган ва "жойларда ҳамда онлайн тарзда" ижтимоий тармоқ раҳбарияти фаолиятини кузата бошлаган.

Бир неча ой давомида француз назоратчиси маълумотлар муҳофазасига оид кўп сонли қонунбузарликларни аниқлаган ва 2016 йилнинг январида Facebook'га апрель ойига (2016 й.) қадар номувофиқликларни тўғирлашни таклиф қилган.

Натижада Америка компаниясининг француз қонунчилигини бузиш ҳолатларини тўғирлаш муддати бир неча бор орқага сурилган. Шунга қарамай, Facebook компанияси CNIL тавсиясига амал қилишдан бош тортган. Шу муносабат билан назоратчи Америка компаниясини 150 минг еврога жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилди.