Қочоқлар лагерида бизнес империяга асос солган тадбиркор қиссаси

Жаҳон 16 Май 2017 11050
Фото: theguardian.com

Какума қочоқлар лагерида жазирама ҳукмрон. Месфин Гетаун дўкони ёнида ишчилар юк машинага Coca-Cola қутиларини жойламоқда. 42 ёшли, жинси шим ва кўйлак кийиб олган улгуржи савдогар қуруқ сутли қутилар, консерваланган помидорли банкалар, донли қоплар билан тўла катта хонада чаққонлик билан ҳаракатланиб, мижозларга хизмат кўрсатишга ҳамда ишчиларга буйруқлар беришга шошади. Дўконга кираверишдаги пластмасса стулларда бир неча киши суҳбатлашади — улар қочқинлар ва маҳаллий туркана қабиласи аъзоларидир. 

2001 йили Гетаун қўшни Эфиопияни авж олган тартибсизликлардан қочиб, Кениянинг жануби-шарқидаги чекка округи бўлган Турканга келиб жойлашди. Ўша вақтларда, 6 йилдан кейин, ҳеч ким, ҳатто унинг ўзи ҳам бир вақтлар кун кечириш учун фаррошлик қилган йигит, ойига ўртача 10 минг доллар даромадга эга ҳамда “миллионер” лақабли улгуржи савдогарлардан бири бўлади, деб ўйламагани аниқ. 

Ҳозирда, у хавотирда. Унинг оиласи АҚШга кўчиш учун танланган. Тез орада, уларнинг кетиш муддати белгиланади. Аксар қочоқлар бу таклифни орзу қилишади, аммо Гетаун бу билан қатор муаммоларга дуч келди. Қочқин мақомига эга бўлгани сабабли ўз маблағларини йиғиб олиши мушкул вазифадир. Унинг бир қисми банкда сақланса, бошқаси лагерда, учинчи қисми бизнесга киритилган. 

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, бизнесини бошқарадиган кишини топиш ҳам амри маҳол. Гетаун аксар қочқинлар сингари Кенияга қуруқ қўл билан келган эди. Қўшма Штатларга кетгудек бўлса, у яна ҳаммасини бошидан бошлашига тўғри келади. Шу билан бирга, Какумада қолишни хавфсиз деб бўлмайди. Кения ҳукумати бир неча маротаба хавфсизлик нуқтаи назаридан мамлакатдаги барча қочоқлар лагерларини ёпишни режалаштираётгани ҳақида баёнот берган эди. 

Ҳозирча, қочоқлар лагерлари ёпилиши ва шу билан улардаги қочқинлар ва Гетаун бизнесининг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Унинг айтишича, “Кения ҳукумати уларга қочқинлар керакмаслиги ҳақида баёнот берган. Шундай экан, қочқинларнинг барчаси хавотирда”. “Мен сармоямни ҳимоя қилишим керак, аммо менда ҳеч қандай суғурта йўқ. Сен қочқин экансан, дипломат бўлишинг керак. Шу сабабли мен маҳаллий аҳоли билан яхши муносабатдаман. Бироқ, ҳукуматнинг қочқинларга нисбатан сиёсати ўзгариб турганидан асабийлашаман”, - дейди Гетаун.

Гетаун — собиқ аскар

У дастлаб лагердаги маҳаллий кафеда фаррош бўлиб ишлади. Маоши ойига минг кения шиллинги (тахминан 10 доллар атрофида) эди. Гетаун ўша кунларни шундай хотирлайди: “Мен бу пулларни йиғиб, уларга озгина буғдой уни харид қилдим ва нон пишира бошладим”. Бир неча йил давомида нон пишириб сотиш бизнеси билан шуғулланган Гетаун кейинчалик ўз дўконини очишга қарор қилди. 1992 йилда очилган Какума лагерида қарийб 200 минг киши истиқомат қилади. Гетаун бу ерда имкониятлар кенглигини ҳис қилган эди. 

Гуманитар ёрдам доирасида йўқ нарсалар, яъни консервалар, шампунь, канцелярия моллари, интернет-кафе, косметика, ресторанлар, барлар, фотостудиялар ва бошқа кўплаб нарсалар, буларнинг бари бизнес. Уларни ҳам қочқинлар бошқаради. Буларнинг барчасига тўлаш учун пул керак. Қочқинлар ўзларининг гуманитар ёрдамларини қора бозорда сотиш йўли билан ушбу хизматлардан фойдаланишга пул топади. Бундан ташқари, хориждаги яқинлари юборган пулларни сарфлайди. 

Лагер ҳудудини эътиборга олган Гетаун рақобатдан қўрқмади. Аксинча, улгуржи савдо компаниясига асос солди. У иқтисодиёт сектори қанчалик кенг бўлса, шунчалик омади чопишини яхши тушунарди. 

Гетуаннинг сўзларига кўра, аксар савдогарлар иккиламчи либослар сотишган. У эса, ҳар хил буюмлар сотишга ҳаракат қилган. У маҳаллий савдогарларни ҳам шундай қилишга ундаган, ҳатто уларнинг дўконларига пул тиккан. Шу билан у ўзининг улгуржи савдосига мижозларни жалб қилган.

Какума иқтисодиётида қочқинларнинг ўрни сезиларли. Улар ҳам бир вақтлар ватанларида бизнес билан шуғулланишган. Улар норасмий сармоя манбаларидан фойдаланиш имкониятларига эга. Гетаун сомалиликлар, гужаратликлар ёки ливанликларга хос бўлган оилавий бизнесни ўзгача асосда йўлга қўйишнинг уддасидан чиқди. Яъни, дастлабки ҳолатда қариндош – уруғчилик муҳим ўрин тутса, Гетаун вазиятида дўстлик ва ўзаро фойда асос қилиб олинди. 

Гетаун насроний динига эътиқод қилса-да, унинг бизнесда омади чопгани «Илоҳий неъмат» эканига иқрор бўлади. Шу сабабли, у черков қурилишига маблағ ажратгани ҳолда, лагердаги масжидга ҳам молиявий кўмак бериб туради. Баъзан у шифохоналарга пул тўлай олмаганлар учун маблағ ажратади. Етим болалар хусусий таълимини қўллаб-қувватлайди, очларга таом улашади.

“Мен шунчаки, Худонинг кўрсатмаларига амал қиламан. Қашшоқ кишиларни кўришни истамайман, шунинг учун уларга ёрдам бераман”, - дейди Гетаун. У тадбиркорлик ва хайрия ишларида этник чегараларни яхши билади. У маҳаллий туркана қабиласи билан ҳамкорлик қилади, кўп ҳолларда қашшоқ кишиларни ишга ёллайди. Унинг илтифотли экани ижтимоий ва сиёсий сармоя вазифасини ўтамоқда. Албатта, шунинг эвазига одамлар ундан харид қилишади. Шундай қилиб ижтимоий сармоя молиявий муваффақиятга айланмоқда.

Шунга қарамай, миллионер хотини ва икки фарзанди билан улгуржи омборхонанинг ёнидаги катта хонада камтаргина ҳаёт кечирмоқда. У ресторанма-ресторан юришни ёқтирмайди. 

“Мен вақтимни ишхонамда ўтказаман. Бирор ерга боришим шарт эмас”, - дейди тадбиркор. АҚШга аниқ кўчиш муаммоси эса уни ўйлантирмоқда. Гетаун Халқаро миграция ташкилоти ва Американинг Кениядаги элчихонаси ходимлари билан бу масалада маслаҳатлашиб ҳам кўрди. Аммо, улар ёрдам бера олишмади. 

«Улар мени тушунишмаяпти», — дея Гетауннинг жаҳли чиқади. Жаҳон гуманитар тизими у билан боғлиқ ҳолатни назарда тутмаган кўринади. Чунки, аксарият ҳолларда лагерларда пайдо бўлган қочқинлар фақатгина кун кечиришса, у ўз бизнес империясини барпо қила олди. 

Кўпроқ янгиликлар