Жорий мавсум ниҳоясига етгач, «Манчестер Юнайтед» Англия премьер-лигасидаги иштироки ортидан тахминан 100-150 миллион фунт стерлинг ишлаб топади.

Daily Mail нашрининг Spreadex молиявий тадқиқот маркази берган маълумотларга таяниб хабар беришича, клуб 1992/1993 йиладан буён ташкил қилинган премьер-лиганинг барча даврларида даромад қилиш бўйича етакчи бўлиб турибди.

«МЮ» шу кунга қадар АПЛда 870,3 миллион фунт миқдорида фойда қилган. Бунинг натижасида 2016/17 йилги мавсум якунлангач, «Юнайтед» Англияда миллиард фунтдан кўпроқ даромад қилган илк клубга айланади.

Умумий рейтингда «Арсенал» иккинчи ўринда (шу пайтга қадар 842,8 миллион фунт) бормоқда, кучли учликдан «Ливерпуль» ҳам (815,4) жой олган.

Кучли ўнта энг даромадли жамоалар рейтингидан шунингдек «Челси» (815,36), «Тоттенҳэм» (750,28), «Манчестер Сити» (723,49), «Эвертон» (700, 26), «Ньюкасл» (649,35), «Астон Вилла» (649,23) ва «Вест Ҳэм» (585,2) жам жамоалари ҳам ўрин олган.

АПЛда ўтган 25 йил давомида 49та турли жамоа қатнашган ва умумий ҳисобда уларнинг даромади 14,788 миллиард фунтни ташкил қилган.

2015/16 йилги мавсумда жамоалар жами бўлиб, 1,64 миллиард фунт стерлинг миқдорида мукофот пули олишган. Бу мавсумда бу сумма янада ошиши кўзда тутилган.