Польша ҳукумати қочқинларни қабул қилишга рози бўлмайди, деб айтди 16 май куни мамлакат бош вазири Беата Шидло Варшавадаги матбуот-анжуманда. 

Польша Европа Иттифоқининг қочқинларни тарқатиш бўйича дастури доирасида ўз ҳудудида қочқинларни қабул қилишдан бош тортди. Бош вазир Европа Иттифоқининг миграция сиёсатини танқид қилиб, Вишеград тўртлиги давлатлари (Польша, Словакия, Венгрия, Чехия) қочқинларни қабул қилиш масаласида шантажга йўл қўймаслигини айтди.

Охирги ижтимоий сўровномаларга кўра, Польша аҳолисининг 4 дан 3 қисми қочқинларни қабул қилишга қарши чиқмоқда.

"Айни вақтда Польшада қочқинларни қабул қилишга имконият йўқ. Бу Польша ҳукумати позицияси", деб айтди Шидло.

"Биз ёрдам бермоқчимиз. Талаб қилинган жойда гуманитар ёрдам кўрсатмоқдамиз ва одамлар бу ёрдамни кутадилар. Биз гуманитар ёрдамни кўпайтирмоқдамиз, халқаро гуманитар акцияларда иштирок этмоқдамиз, ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорлик қиламиз, жабрланганларни даволашда ёрдам берамиз. Бироқ биз Польша ва бошқа давлатларга қочқинларни қабул қилиш бўйича мажбурий квоталар суқиштирилишига рози бўлмаймиз", деб айтди Шидло.

Аввалроқ миграция, ички ишлар ва фуқаролик бўйича еврокомиссар Димитрис Аврамопулос агар Польша ва Венгрия бир ой ичида Италия ва Грециядаги қочқинларни қабул қилишни бошламаса, Еврокомиссия июнда бу давлатларга нисбатан санкциялар солиши мумкинлигини айтган.

"Мен ўзларига ҳимояга муҳтож бирор одамни кўчириб ўтказмаган Польша ва Венгрияни буни ҳозироқ қилишга чақираман", деб айтган журналистларга Аврамопулос Страсбургда.