2017 йил январь-апрель ойлари натижаларига кўра, Қозоғистонда расмий дилерлар томондан 11 018 та автомобиль сотилган, бу эса 2016 йилги шу даврдаги кўрсаткичдан 23 фоизга камроқдир. Жорий апрель ойига кўра 3449 дона машина сотилган. Бу кўрсаткич аввалги йилги шу ойдаги кўрсаткичдан 8,9 фоиз камроқни ташкил қилган, бироқ 2017 йил март ойидаги кўрсаткичдан 27 фоиз кўпроқ бўлган, деб хабар бермоқда Қозоғистон автомобиллар соҳаси корхоналари иттифоқи "КазАвтоПром" матбуот-хизматига иқтибос келтирган ҳолда nur.kz сайти.

Кўрилаётган давр натижаларига кўра қозоғистонликлар янги енгил автомобиль сотиб олиш учун 272,8 млн доллар сарфлашган, бу эса 2016 йилдаги шу кўрсаткичдан 18,9 фоиз кўпроқдир. Апрелда бозорда сотилган автомобиллар умумий қиймати 89,5 млн долларни ташкил қилган ва бир йил аввалги натижадан 34,8 фоиз кўпроқ бўлган.  

4 ой натижаларига кўра сотилган автомобиллардан 7 771 таси (70,5 фоизи) хорижий машиналарга, қолган 3 247 таси (29,5 фоизи) Қозоғистонда ишлаб чиқарилган маҳаллий машиналарга тўғри келган. 

Кўрилаётган давр ичида қозоғистонликлар томондан энг кўп миқдорда Toyota автомобиллари сотиб олинган: бу марка машиналаридан 2290 та сотилган.

2-ўринни 1 912 та машина билан Lada, 3-ўринни эса 856 та машина билан Renault эгаллаган.

Етакчи бешталикни Ravon (774 дона) ва KIA (771 дона) маркалари якунламоқда. Энг муваффақиятли маркалар етакчи ўнталигига Hyundai (673), GAZ (611), UAZ (454), Nissan (403) ва Volkswagen (375) кирган.

Энг кўп сотилган енгил моделлар рейтингида энг юқори поғоналарни Toyota Camry (885 дона), Lada 4x4 йўлтанламаси (605) ва Ravon Nexia (576) эгалламоқда. Етакчи бешталикни Toyota Rav4 (526) ва Lada Granta (489) якунламоқда.

Етакчи моделлар йигирматалигидан, шунингдек, Lada Largus (341), Toyota Land Cruiser 200 (319), Renault Sandero (305), Renault Duster (300), Volkswagen Polo (297), Hyundai Creta (292), Toyota Land Cruiser Prado (234), Toyota Corolla (185), Lexus LX (181), KIA Rio (173), Hyundai Tucson (172), Nissan X-Trail (151), Lada Kalina (140), UAZ Patriot (140) ва Chevrolet Cruze (131) моделлари жой олди.

Машиналар сотиб олишда энг кўп фаолликни Олмаота (2 770 та машина), Остона (2 149), Атирау (788), Чимкент (682), Қарағанда (663), Қўстанай (641), Уральск (479), Усть-Каменогорск (470), Ақтау (467) ва Оқтобе (406) шаҳарлари аҳолиси кўрсатган.