Қатарда 2022 йилги жаҳон чемпионати учун мўлжалланган биринчи стадион -  Khalifa International Stadium стадиони тайёр бўлди. Бу ҳақда Supreme Committee хабар тарқатди.

Қатар футбол уюшмаси 19 май куни ушбу стадионнинг очилиш маросими ўтказилиши ва шу куни унда Амир кубоги учун финал учрашуви ўтказилишини маълум қилди. Стадиондаги илк расмий учрашувда «Ал-Райан» ва «Ал-Садд» жамоалари куч синашади.

Khalifa International Stadium аренаси реконструкция ишларидан кейин 40 минг томошабинни ўзида сиғдира оладиган бўлди. Бу стадион ФИФАнинг барча талабларига жавоб берадиган ҳолга келтирилган. Унда ҳавони салқинлаштирувчи тизим ўрнатилган, спорт музейи ташкил этилган. Барча томошабинлар том остида бўлиши таъминланган.

Ушбу стадионда 2022 йилги жаҳон чемпионатидан ташқари, 2019 йилда енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ҳам ўтказилади.

Маълумот учун, Қатардаги жаҳон чемпионати 2022 йилнинг 21 ноябридан 18 декабрига қадар ўтказилиши белгиланган.