Англия премьер-лигасида чемпион ва кумуш медал соҳиблари номи аниқ бўлган эсада, 3-4 ўринлар учун кескин кураш давом этмоқда. Уч жамоа ўртасида ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш сўнгги турда ҳам давом этиши аниқ бўлиб улгурган. Бугун ЕЧЛ йўлланмаси учун икки даъвогар қолдирилган учрашувларини ўтказади. Tribuna.Uz АПЛнинг икки муҳим учрашувига батафсил тўхталиб ўтади.

«Манчестер Сити» - «Вест Бромвич» (16 май, 23:59, Матч! Футбол 1)

Учрашув олдидан
«Манчестер Сити» 36 учрашувдан сўнг 72 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида 4-ўринда бормоқда. Жамоа «Этиҳад»даги сўнгги учрашувида ғалаба қозонган тақдирда, ЕЧЛ йўлланмасини деярли нақд қилади. «Арсенал»дан уч очко олдинда бораётган клуб тўплар нисбатига кўра ҳам «Арсенал»дан яхшироқ кўрсаткичга эга бўлиб турибди. «Вест Бромвич» эса ортиқча босимларсиз қолган. Жамоа еврокубокларга ҳам даъвогарлик қилмаяпти. Шу билан бирга турнир жадвалининг дастлабки 10талигидан тушиб кетиш ҳам жамоага хавф солмаяпти.

Қизиқарли фактлар

«Манчестер Сити» «Этиҳад»да АПЛ доирасида ўтказган сўнгги 11 учрашувдан буён мағлубиятга учрамаяпти (7ғалаба, 4 дуранг);

Габриэл Жезус «Сити» таркибида олти ўйинда майдонга тушиб 7та голда иштирок (5та гол, 2та ассист) этишга улгурди;

«Манчестер Сити» «ВБА» қарши кетма-кет 10та учрашувда ғалаба қозонган ва бу кўрсаткич бўйича фақатгина «Ньюкасл»га қарши учрашувларда яхшироқ статистикага эга. «Шаҳарликлар» 2009-2015 йилларда «Ньюкасл»ни кетма-кет 12 учрашувда мағлубиятга учратган;

Тони Пьюлис «Манчестер Сити»га қарши бош мураббий сифатида ўтказган 16 учрашувнинг фақат биттасида (4 дуранг, 11 мағлубият) ғалаба қозонган ва бу ишни 2009 йилнинг январида «Сток Сити» бош мураббийи сифатида уддалаганди.

Ўзаро учрашувлар тарихи

Икки жамоа Англия премьер-лигаси ташкил этилганидан буён 21 марта тўқнаш келишган.  14 учрашувда «Манчестер Сити» ғалаба қозонган бўлса, 4 учрашувда «ВБА»нинг қўли баланд келган. Юқорида эслаб ўтганимиздек, бу икки жамоанинг сўнгги 10та учрашувининг барчаси «Манчестер Сити»нинг қўли баланд келган. Сўнгги марта «Вест Бромвич» 2011 йилнинг декабрида «Манчестер Сити» билан ўз уйида дуранг ўйнаганди.

Манчестерда кечган учрашувда сўнгги етти учрашувда «Сити»нинг қўли баланд келган. Сўнгги марта «ВБА» меҳмонда «Сити»дан 12 йил муқаддам очко олишнинг уддасидан чиққан. Ўшанда 2005 йилнинг августида «Сити оф Манчестер»да кечган учрашувда ҳисоб очилмаганди. «Вест Бромвич»нинг «Сити» уйидаги ягона ғалаба эса 2003 йилнинг 1 февралида қайд этилган (1:2).

Йўқотишлар
«Манчестер Сити» таркибида Фабиан Дельф жароҳати сабаб бу учрашувда иштирок эта олмайди. Клаудио Браво ва Илкай Гундўғаннинг учрашувда иштирок этмаслигини анча олдин аниқ бўлганди. Қарийб бир ойлик танаффусдан сўнг Жон Стоунз таркибга қайтган ва бугунги учрашувда майдонга тушиши кутилмоқда.

«Вест Бромвич» таркибида эса Гарет Маколи ва Мэтт Филипс бу учрашувда жамоасига ёрдам бера олмайди. Робсон-Канунинг ҳолатига эса фитнесс-тестдан сўнг ойдинлик киритилади.

«Арсенал» - «Сандерленд» (23:45, Матч! Футбол 2)

Ўйин олдидан
«Арсенал» кучли тўртликдан ўрин олиши учун ушбу ўйинни ютиши шарт. Шунда жамоа ҳисобидаги очколар сони 72тага етиши ва «Ливерпуль» билан бир очкогача қисқариши мумкин. Шунда барча масалага сўнгги турда ойдинлик киритилади.

Қизиқарли фактлар
«Арсенал» ҳеч қачон АПЛ доирасида ўз ўйида «Сандерленд»га ютқазмаган (10 ғалаба, 5 дуранг);
«Сандерленд» «Арсенал»га қарши сўнгги 26 урчшувнинг фақат биттасида (1:0, 2009 йил, ноябр) ғалаба қозонган;
«Арсенал» ҳужумчиси Оливье Жиру «Сандерленд»га қарши барча мусобақаларда ўтказган сўнгги тўрт ўйинда тўртта голга муаллифлик қилган;
Агар Жиру бу учрашувда ҳам гол кирита олса, Робин ван Перси ва Тео Уолкоттдан кейин «Эмирейтс»да 50та гол киритган учинчи футболчига айланади;
«Арсенал» «Эмирейтс»да ўтказган сўнгги 16 учрашувнинг фақат биттасида мағлубиятга учраган (12 ғалаба, 3 дуранг).

Ўзаро учрашувлар тарихи

Икки жамоа премьер-лига ташкил қилинганидан буён 31 урчашувда майдонга тушишган 18 учрашувда «Арсенал»нинг қўли баланд келган бўлса, 3 марта «Сандерленд» ғалаба қозонган. 10та учрашувда дуранг қайд этилган. Лондонда кечган 15 учрашувда «Арсенал» бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган. Аммо «Эмирейтс»даги сўнгги 8 учрашувнинг 4тасида «Сандерленд» дуранг ўйнашнинг уддасидан чиққан.

Йўқотишлар
«Арсенал» таркибида Алекс Окслейд-Чемберлен жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Лоран Косьелнининг ҳам иштироки сўроқ остида қолмоқда. Жамоа етакчиси Алексис Санчес эса фитнесс-тестдан сўнг ҳолати бўйича аниқ маълумот олиши мумкин.

«Сандерленд» таркибида жароҳати сабаб Жейсон Денайер, Виктор Аничебе ва Жорж Ҳаниман иштирок эта олмайди. Шунингдек Пэдди Макнейр, Ян Киргхофф ва Данкан Уотморнинг майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.