Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 январдаги 126-Ф-сонли Фармойишининг 1-иловасига мувофиқ 2017 йилнинг 18 ноябр куни Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Ўзбекистон-Хитой: тарихий-маданий, илмий ва иқтисодий алоқалар ривожи” мавзусида Халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Анжуманнинг мақсади ва вазифалари:

  • Хитойшуносликнинг филология, фалсафа, тарих, иқтисодиёт, социолингвистик, лингвомаданий, таржимашунослик бўйича илмий муаммолар юзасидан фикр алмашиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги халқаро илмий ҳамкорликни янада ривожлантириш;
  • Ўзбекистон Республикаси ва ХХР алоқаларининг устувор йўналишларини илмий ўрганиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Хитойшуносликда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш;
  • Ёш олимларнинг малакасини ошириш;
  • Хитойшуносликнинг долзарб масалаларига оид ҳамкорликда амалга ошириладиган илмий мавзуларни аниқлаб, халқаро миқёсдаги янги илмий лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Ўзбекистон Республикаси ва ХХРдаги фан ва таълим тизимидаги илғор тажрибалар, инновациялар бўйича янги маълумотларга эга бўлиш.

 

Конференция қуйидаги шўъбаларда иш юритади:

1. Филология ва методика;

2. Тарих, фалсафа, матншунослик ва манбашунослик;

3. Таълим ва маданият;

4. Иқтисодиёт.

 

Конференция материаллари қуйидаги мавзуларни қамраб олади:

• Ҳозирги хитой тили ва тилшунослигига оид илмий ва амалий масалалар;

•  Хитой тилини ўқитишнинг замонавий методикалари;

• Лингвомаданий ва социолингвистик аспектлар тадқиқи бугунги ҳолати ва истиқболи;

• Глобализация шароитида хитой тилини ўрганиш ҳамда тадқиқ этиш йўналишлари;

• Ўзбекистон Республикаси ва ХХР ўртасидаги сиёсий-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболи;

• Ўзбекистон-Хитой савдо ва иқтисодий алоқалари: тажриба ва муаммолар;

• Хитой инвестицияларини Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига жалб қилиш масалалари: лойиҳалар, муаммолар, режалар;

• Марказий Осиё халқлари тарихининг хитой манбалари асосида ёритилиши;

• Конфуций таълимоти ва ҳозирги замон;

• Хитой фалсафаси масалалари;

• Ўзбек мумтоз адабиёти намуналарини хитой тилига ва Хитой мумтоз адабиёти намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш масалалари;

• ХХРдаги иқтисодий жараёнларнинг халқаро, шу жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига таъсири;

• Ўзбекистон Республикаси ва ХХР маданий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорлиги масалалари.

Конференция материаллари алоҳида тўпламда чоп этилади.

Мақолалар матни 7-10 бет ҳажмда электрон ва босма равишда, икки нусхада жўнатилиши лозим. Мақола матни Microsoft Word дастурида, Times New Roman  (ўзбек, рус, инглиз ёки хитой тилида), шрифти 14 кегел катталигида; 1,5 интервалда, чапдан 30 мм, ўнгдан 15 мм, юқоридан ва пастдан 25 мм жой қолдирилган ҳолатда расмийлаштирилиши лозим. Мақола мавзуси бош ҳарфларда кўрсатилади, ундан икки қатор пастда муаллифнинг исми-шарифи бош ҳарфлари ва фамилияси, илмий даражаси ва унвони, иш жойининг тўлиқ номи кўрсатилади, ундан 2 интервал ташлаб матн келтирилади. Матн бўйича иқтибослар мақоланинг охирида берилади.

Матн илмий, техник ва стилистик таҳрир қилинган бўлиши лозим.

Барча талабларга жавоб берган илмий мақолалар конференция материаллари тўпламига киритилади ва нашр этилади. Конференция материаллари тўплами конференция ўтказиладиган куни иштирокчиларга тарқатилади.

Мақолалар матнига тақриз берилмайди ва топширилган мақолалар қайтарилмайди.

Мақолаларни қабул қилиш муддати – 2017 йил 1октябргача.

Кечиктирилган ва талаблар бўйича тайёрланмаган мақолалар қабул қилинмайди.

Муаллифлардан конференцияда иштирок этиш ва мақола нашри учун ҳақ олинмайди. Келиб-кетиш ва меҳмонхона харажатлари ташкилий қўмита томонидан қопланмайди.

Мақола матнини қуйидаги манзилга етказишингизни сўраймиз: 100060, Тошкент шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 25-уй, ТДШИ Хитойшунослик факултети.

Телефонлар: (+99871) 233-13-00, (+99871) 236-16-93, (+99897)710-50-33.

e-mail: sinologiya-2017@mail.ru; sabohat15@mail.ru