16 май куни Волгограддаги турар-жойда маиший газ портлаган ҳолат қайд этилиб, 3 кишининг ҳаётдан кўз юмгани, 10 нафарининг жароҳатлангани маълум қилинганидан кейин мазкур воқеа юзасидан "Хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишларнинг бажарилиши ёки хизматлар кўрсатилиши" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. 

Дастлабки маълумотларга кўра, маиший газнинг портлаши компаниялардан бирининг бинодан ташқарида олиб борган ноқонуний фаолияти натижасида юз берган. Компания сув қувурига уланишни режалаштирган бўлган, охир-оқибат газ қувурига зиён етган ва газнинг сизиб чиқиши портлашни келтириб чиқарган. 

Волгоград вилояти ҳукумати турар-жойда яшовчи фуқароларга компенсация тўлаш масаласини ҳал қилмоқда. У ердаги аҳоли эвакуация қилинган ва вақтинчалик яшаш жойларига жойлаштирилган. Воқеа жойида қутқарувчилар ишлашда давом этишмоқда.

Сешанба куни маҳаллий вақт билан соат 13:06да қутқарувчиларга Университет проспектидаги 60-уйнинг бир қисми ўпирилиб тушгани ҳақида хабар берилган. Ҳозирда қутқарувчилар вайроналар остида ҳеч ким қолмаганига ишонч ҳосил қилиш учун "сўнгги ғишт"гача ўрганиб чиқишмоқда. Шунингдек у ерда фавқулодда ҳолатлар тиббиёт маркази психологлари ҳам иш олиб боришмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вакилининг РИА "Новости"га маълум қилишича, тахминан 16 квартира вайрон бўлган, шулардан 10 таси тўлиқ йўқ бўлган. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, портлаш натижасида подъезднинг тўрт қавати ўпирилиб тушган.

Дастлаб икки кишининг ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди, кейинги маълумотларга кўра эса, 3 нафар киши ҳаётдан кўз юмган, 10 нафари жароҳатланган. Жароҳат олганларнинг барчаси шифохоналарга жойлаштирилган. РФ ТК ҳалок бўлганлар сонининг 3 нафарга етганини тасдиқлаган.

"Қидирув ишлари олиб борилмоқда, жараёнга 420 киши, 27 та техника жалб қилинган. 4 кишидан иборат психологлар жамоаси иш олиб бормоқда", - дейилади манбада.

"Терговчилар ҳозирда барча гувоҳлар ва шу уйда яшовчи фуқароларни, шунингдек рўй берган жараёнга алоқадор барча шахсларни сўроқ қилишмоқда. У ерда бирйўла бир неча хизматлар ишчилари жалб қилинган бўлган, шу боис ҳамма сўроқ қилинмоқда", - дейди ТК вакили.

Ҳукумат маълумотларига кўра, 1958 йилда қурилган мазкур уйда 90 дан зиёд киши яшаган. Минтақа ФВВ вакилининг сўзларига кўра, ушбу уйда 97 нафар киши, шу жумладан 6 бола рўйхатдан ўтган. Турар-жойда жами 45 та квартира бўлган, 16 таси талофат кўрган - уларда 24 нафар киши, шу жумладан 1 бола истиқомат қилган.