Афғонистон шарқида жойлашган Жалолобод шаҳрида жангарилар телерадиокомпанияга ҳужум қилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар тарқатди.

Қайд этилишича, ҳужум Нангарҳар вилояти марказида амалга оширилган.

Гувоҳлар телерадиокомпания атрофида отишма давом этаётганини маълум қилишган. Ушбу телерадиокомпания биноси вилоят губернатори уйи яқинида жойлашган.

Ҳозирча бу ҳужум қайси гуруҳ томонидан амалга оширилгани маълум эмас. Қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида ҳам ҳозирча аниқ маълумот берилмади.

28 апрель куни «Толибон» баҳорги ҳужумларни бошлагани ҳақида эълон қилганди. Толибонлар «хорижий кучлар ва уларнинг ичкаридаги ёлланма кучларига қарши» уруш олиб боришни ваъда қилишган.