Бермуд учбурчаги яқинида, Багам ороллари сувларида бортида учувчи билан бирга 4 киши бўлган кичик ўлчамдаги хусусий самолёт фалокатга учради. Бу ҳақда АҚШ соҳилбўйи қўриқлаш хизматига иқтибос келтирган ҳолда Sun Sentinel нашри хабар бермоқда

Маълум қилинишича, самолёт Пуэрто-Рикодан Флоридага йўналаётган бўлган. Айни вақтда Багам ороллари яқинида самолёт бўлаклари ва йўловчилар қидирилмоқда.

MU-2B самолёти 15 май куни маҳаллий вақт билан соат 11:00да Пуэрто-Рикодан ҳавога кўтарилгандан кейин йўқолиб қолган. У Флоридага етиб келмаган ва охирги марта алоқага соат 14:10да чиққан.

Самолётдаги барча йўловчилар Нью-Йоркда яшаганлар. Самолётда жумладан 3 ва 14 ёшли икки бола бўлган.

Самолётни қидириш билан Багам ороллари қироллик мудофаа кучлари ҳамда АҚШ божхона ва чегарани қўриқлаш хизматлари шуғулланмоқда.