ФИФА йилнинг энг яхши футболчисига топширадиган мукофоти регламентини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Marca хабарига кўра, ташкилот кейинги йилларда мукофотни футболчининг йил давомидаги ҳаракатларига қараб эмас, мавсумдаги ўйинлари учун топширишни жорий этади (май ойида). «The Best» мукофотини топшириш маросимининг навбатдагиси 23 октябрь кунига белгиланган.

ФИФА йил якунида France Football томонидан йил давомидаги ўйинлар учун топшириладиган «Олтин тўп» маросимидан фарқланмоқчи.

2010 йилдан 2015 йилга қадар «Олтин тўп» ФИФА ва France Football томонидан биргаликда топшириларди. Унда йилнинг энг яхши футболчиси учун миллий терма жамоа мураббийлари ва сардорлари овоз бериб келарди.

2016 йилги мавсумга келиб эса Франция агентлиги алоҳида ажралиб чиқди, ФИФА эса ўз совринига асос солди.

France Football жаҳоннинг етакчи нашрлари ҳамда журналистлари ёрдамида ғолибни аниқлайди. Журнал 2016 йилда мукофотни Криштиану Роналдуга топширди.

ФИФА ғолибни аниқлашда терма жамоа мураббийлари ва сардорларининг овозига суянишда давом этади. ФИФА 2016 йилнинг энг яхшиси учун мукофотни «Реал» ҳужумчиси Криштиану Роналдуга топширганди.