17 май куни Калифорниянинг Маунтин-Вью шаҳрида Google учун дастурлар ишлаб чиқарувчилар учун йиллик конференция бошланади. Мобил дастурлаш, янги интерфейслар ва иловалар учун платформалар 2017 йилги анжуманнинг асосий мавзулари сифатида қайд этилган. Қуйида Google I/O 2017 конференциясида эълон қилиниши мумкин бўлган 3та янгилик ҳақида сўз юритамиз. 

Android 8.0 («О»)

Google I/O, одатдагидек, Android дастурий таъминотининг янги намунасини намойиш этиш бўйича асосий майдон бўлиб қолмоқда. Албатта, иккинчи йилдирки, унинг  альфа-намунаси конференциядан аввалроқ пайдо бўлмоқда. Бу йил янги Android 21 мартдан бошлаб турли дастурлар ва иловалар ишлаб чиқарувчиларга ҳавола қилинган эди. 

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, тақдимотга атиги бир неча соат қолганига қарамай,  Android 8.0 расмий номига эга эмас. Ҳозирча, унинг биринчи ҳарфи  — «O» маълум. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, Android дастурининг барча асосий намуналари алифбо тартибида ҳарфлар билан белгиланади. 

Android дастурий таъминотининг энг сўнгги нусхаси шоколадли печенье «Oreo» номини олиши тахмин қилинмоқда. Google компаниясининг катта вице-президенти Хироши Локхаймернинг The Verge муҳаррирларидан бирига юборган твити шундан дарак беради. Бироқ, шу билан бирга, у компаниянинг ўзига хос маркетинг усули бўлиши мумкин.

2017 йили тақдим этилган Android 7.0 «Nougat» 4,9 фоиз қурилмаларга ўрнатилган

Android 8.0 дастурий таъминотида кўплаб янгиликлар мавжудлиги қайд этилмоқда. Унда фаол бўлмаган иловаларнинг энергия истеъмолини камайтириш орқали батарея қувватини тежаш имконияти мавжуд бўлади. 

Android 8.0, шунингдек, маълум бир қурилмада қўлланилаётган графика тизимидан келиб чиққан ҳолда иловалар тимсолларини автоматик равишда ўзгартиради. Ёрлиқлар 3хил кўринишда бўлади. 

Wi-Fi Google Home 

Маълумки, Google ўзининг биринчи ёрдамчи-колонкасини 2016 йилги I/O анжуманида намойиш этганди. Business Insider нашрига кўра, 2017 йилмай ҳолатига кўра, Google Home энг оммабоп «ақлли колонка»лар рейтингида бозорнинг 24 фоизини эгаллаб, иккинчи ўринда бормоқда. 

Google Home муваффақият қозонаётгандек кўринса-да, ўзининг асосий рақобатчиси — Amazon Echo колонкасига имкониятни сезиларли равишда бой бермоқда. Amazon Echo бугунги кунда бозорнинг 70,6 фоизини назорат қилмоқда. Унинг 2017 йилда 35,6 млн дона сотилиши тахмин қилинаяпти. Бу фарқни Google Home 2 қисқартира оладими-йўқми, вақт кўрсатади. 

Мустақил VR-гарнитура

2016 йилда Google ўзининг Daydream виртуал реаллик платформасини тақдим этган эди. Унинг таркибида Daydream View гарнитураси ҳам борлигидан кўпчилик хабардор. Унинг нархи кўплаб рақобатчилар таклиф қилганидан сезиларли арзон — 79 доллар эди. Бироқ, Daydream View ҳам бошқа VR-қурилмалардаги мавжуд нуқсонни бартараф эта олмади. Унинг ишлаши учун смартфон талаб этилади. 

Ars Tecnhica нашрининг ёзишича, Google бу сафар умуман янги, мустақил VR-қурилмани намойиш этиши мумкин. Унинг ишлаши учун компютер ёки смартфон талаб этилмайди. 

Ars Techinca нашрига кўра, Google компаниясининг VR-янгилиги смартфондан фойдаланиш билан боғлиқ яна бир муаммо, яъни батарея қувватини тежаш заруратига барҳам беради. 

Демак, кутамиз, тақдимот маросими 17 май куни Тошкент вақти билан 22:00да Google анжумани сайтида онлайн намойиш этилади.