Кун.uz таҳририяти мухбирлари Наманган вилоятига сафар чоғида Чортоқ туманида ҳам бўлди. Ходимлар туманда катта қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳаларининг бошланганига, эзгу амалларнинг ҳаётдаги аксига, кўнгли ғубордан холи, андишаси тоғлардан баланд инсонлар борлигига гувоҳ бўлишди.

Хусусан, жамоа йўл-йўлакай қишлоқ врачлик пунктида учратган бир ҳамширанинг кўз ёшлари сабаб Чортоқ тумани Қорабоғ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Норбоев Абдураҳмон отанинг хонадонига боришди. Бир умр “Чортоқ” дам олиш санаторийсида жисмоний тарбиядан мураббийлик қилган бу инсон тақдирида аянчли синов ҳам бор экан. Оёғига ёпишган дард охир-оқибат бу инсонни шу кўйга солди.

“Кўчага чиқа олмайман, фақат ўтираман. Аравага ўтириб, болалар ёрдамида кўчага чиқаман. 2015 йили пенсияга чиққанман. 2016 йилдан бошлаб оёқ шу аҳволда”, - дейди отахон. 

Унинг айтишича, олти ўғил фарзанди бор. “Учтасини чиқарганман. Ҳозир икки келиним, бир уйланмаган ўғлим билан ўтирибман. Ер масаласида қийналиб қолганмиз. Уйимизнинг олд томонида ер бор. Маҳаллада яшовчилардан ўн киши қўл қўйиб берган, розимиз деб. Бир-икки қаршилар ҳам бор”.

Чортоқ тумани ҳокими ўринбосари Аброр Дадамирзаев эса Абдураҳмон отани ҳам моддий, ҳам маънавий томонидан қўллаб-қувватлаш кераклигини таъкидлади. У шунингдек, отахонга даволаниши учун бепул йўлланма бериш, ер масаласи эса ижтимоий нуқтаи назардан, қонун доирасида ҳал қилинишини ҳам айтиб ўтди.

Туман ҳокими ўринбосари кўп ўтмай ўз берган ваъдаларини бажарди – Абдураҳмон отага қўшимча нафақа пули тайинланибди, даволаниши учун йўлланма, яна юриши учун керак бўладиган жиҳозларга буюртма берилибди. 

Отахоннинг катта ташвишларидан бири ечимини топди – фарзандларига яхши ният билан уй қуриш учун ер ажратилди. 

Намангандаги бир отахонни анча вақтдан бери қийнаб келган муаммо туман ҳокими ўринбосари аралашгачгина ҳал бўлди. Бироқ, бунгача мутасадди ташкилотлар, маҳалла раиси қаерга қараган экан? Саволлар ҳар доимгидек кўп... Энг муҳими эса, бир муаммо ҳал этилганида.