Февраль ойида АҚШ президенти Дональд Трамп Федерал қидирувлар бюросининг ўшандаги раҳбари, эндиликда бу лавозимдан четлатилган Жеймс Коми билан учрашганда журналистларни махфий маълумотларни ошкор қилганликлари учун қамоққа олиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилган, деб ёзмоқда The New York Times нашри.

Нашрга Комининг ҳамкасбларидан бирининг айтишича, Трамп миллий хавфсизлик соҳасидаги етакчи амалдорлар билан учрашув ўтказган. Суҳбат тугагач, президент Комидан ташқари ҳаммани қўйиб юборган. Трамп Коми билан яккама-якка суҳбатда ОАВда махфий ахборотнинг сизиб чиққанини кескин қоралаган ва шу сабабли Комига журналистларни махфий ахборотни ошкор қилганлик учун қамоққа олишни таклиф қилган.

Шундан кейин Трамп Комидан миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флиннга нисбатан терговни тўхтатишни сўраган. 

Бироқ Оқ уй бу ахборотни рад этмоқда.