Бўкалик Иззат Турдиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) бир неча йил Россияда ишлаб, ўша ердан танишлар орттирди. Ўтган йилнинг апрель ойида бу шахс россиялик шериклари билан жиноий режа тузди. Боиси, у ерда деҳқончилик мавсуми бошланаётган эди. Иззат аввалига асли доғистонлик Юнус исмли шахс билан гапни бир жойга қўйди. Бу кимса Россия Федерациясининг Волгоград вилоятида ҳар йили ижарага ер олиб, тарвуз экарди. Айни шу ишларни амалга ошириш учун эса унга арзон ишчилар керак бўлгани боис, у Иззатга мана шу топшириқни юклади. Эвазига яхшигина “ҳақ” ҳам ваъда қилди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

И.Турдиев юртимизга қайтиб келиб, мўмай пул илинжида одам қидиришга тушди. Ҳамқишлоқларини алдаб-авраса ҳам ўзга юртга борадигани топилмади. Шундан сўнг у қўшни туманга йўл олди. Ушбу ҳудудда унинг гапларига ишонувчи одамлар топилди. Бекобод туманининг “Сарюз” маҳалласида яшовчи Жамшид Солмонов, Анвар Элтоев, Мурод Рустамов, Азиз Холбоев ва Бекзод Одилов унинг тузоғига илинишди. Иззат бу фуқароларга чопиқдан чиқарилган ҳар минг метр тарвуз ниҳоли учун 200 рублдан иш ҳақи бериладиган иш борлигини айтиб, уларни қизиқтирди. Йигитларга иш ҳақларини ўзи олиб беришни ваъда қилди.

Шундан сўнг И.Турдиев йигитларни Қозоғистон Республикаси орқали Россия Федерациясининг Волгоград вилоятига олиб бориб, ўзларини ҳам, фуқаролик паспортларини ҳам Юнус қўлига топширди. Кейин келишилган пулни олиб, ортига қайтиб кетди.

Йигитлар Юнуснинг полизини чопиқдан чиқариб беришди. Бироқ, ер эгаси келишилган иш ҳақи, яъни 10 минг 500 Россия рублини бермади. “Сенлар Иззат олиб кетган пулларни ҳам оқлай олмадиларинг. Яна бир ой ишласаларинг, Василий билан ўзимиз ўзаро келишиб оламиз, кейин сенларга жавоб бераман”, деб уларни Василий исмли чорвадорнинг фермасига ишга жўнатди.

Бешовлон яна икки ярим ой фермада турли оғир юмушларни қилишга мажбур бўлишди. Василий ҳам уларнинг 50 минг Россия рубли миқдоридаги иш ҳақларини бермади. Шундан сўнг йигитлар турли кундалик ишларда ишлаб, кетишга пул йиғдилар ва паспортларини олиб, юртимизга оғир аҳволда қайтиб келдилар.

Хўрликлар гирдобига ғарқ бўлган бу фуқаролар Иззатнинг қилмишлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга ариза билан мурожаат қилдилар.

Суд томонидан И.Турдиевга тегишли жазо тайинланди.