Пентагон раҳбари Жеймс Мэттис ва Туркия Мудофаа вазири Фикри Ишиқ 16 май куни Вашингтонда Яқин Шарқдаги вазиятни ҳамда терроризмга қарши кураш масаласини муҳокама қилди.

"Сиёсатчилар "Курдистон ишчилар партияси" бўйича ташвишларини билдиришди. АҚШ ушбу ташкилотни туркиялик кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ўлимида айбдор санайди ва уни террорчи ташкилот ҳисоблайди. Вазир яна бир бор АҚШ Туркияни КИПга қарши курашда қўллаб-қувватлашини таъкидлади ҳамда бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш режаларини тасдиқлади", дейилган хабарда.

Томонлар шунингдек, Суриядаги инқироз бўйича муҳокама ўтказишган ва "бу зўравонликка нуқта қўйиш учун ҳамкорликни давом эттиришга" келишишган.

Меттис ва Ишиқ Сурия ҳамда Ироқда тинчлик ва барқарорлик таъминланиши тарафдори эканликларини ифода этишган.

Пентагон пресс-релизида ИШИДга қарши ягона коалиция таркибида курашиш ҳақида гап йўқ.

Маълумот учун, АҚШ Суриядаги курдларни ИШИДга қарши курашда қўллаб-қувватлаб келади. Туркия эса Суриядаги курдларнинг YPG (Сурия курдларининг миллий мудофаа отрядлари) ва PYD (Суриядаги "Демократик иттифоқ" партияси) ташкилотларини КИП ("Курдистон ишчилар партияси") билан алоқадор ҳисоблайди.