Самарқандда бобосининг қотилига айланган қиз саккиз йилга қамалди

Жамият 17 Май 2017 23080

Гўдак пок ва беғубор бўлиб туғилади. Оиладаги муҳит, ота-она бераётган тарбия, қолаверса, маҳалла-кўй ва бошқалар таъсирида унинг теварак-атрофга, жамиятга бўлган муносабати, дунёқараши шаклланади. Бола ўзини ўраб турган ана шу таъсирлар натижасида яхши ёки ёмон сифатларни ўзлаштиради. Эндигина ўн етти ёшни қаршилаётган Дилрабонинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳаётида ҳам шундай бўлди. Тарбиясида йўл қўйилган хатолик сабаб характеридаги ёмон сифатлар, иллатлар ўз кучини кўрсатди, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси.

Ҳали оқни қорадан ажратишни билмаган, ҳаётда яхши-ёмоннинг фарқига бормайдиган бу қиз ана шу ёшида қўлини қонга белади. Арзимаган пулни, деб бир инсоннинг умрига зомин бўлди. Айни ўйнаб-куладиган, навқирон ёшлик даврини панжара ортида ўтказишга маҳкум этилди.

Марди бобо ёши саксонга бориб қолган, ногирон қария. Анча йиллар аввал кампири вафот этгач, ўғли Муродни ёнида олиб қолди. Қизи Нафисани тарбиялаб, вояга етказиш учун бошқа бировнинг қўлига бериб юборди. Мурод вояга етди, аммо ақли заифроқ бўлгани учун, оила қуролмади. Нафиса эса улғайиб, оилали, икки ўғил, икки қизли бўлди. Дилрабо ана шу Нафисанинг иккинчи қизи. Фарзандларининг тақдири учун елиб-югурган Нафиса турли жойларда ишлади. Охир-оқибат уйи ёнидан кичик дўконча очиб, савдо қила бошлади.

Дилрабо кичик фарзанд бўлгани боис, бироз эркароқ, айтганини қилдирадиган бўлиб ўсди. Бешинчи синфдаёқ мактабга бормай қўйди. Онасига “Мактабда ўқимайман, сизга ёрдамчи бўламан”, деганида она эътироз билдирмади. Қизининг савдодан топаётган бир-икки сўм пули кўзига чўғдай кўринди.

Гоҳида Нафиса қизи Дилрабони ёнига олиб отаси ва укасини кўргани уларникига борар, уй юмушларига қарашиб, ёрдам бериб келарди.

Кунларнинг бирида иккаласи Марди бобонинг уйига боришди. Уйни йиғиштириб бўлишгач, Нафиса: “Ота, нафақангизни олгандим, сандиққа солиб қўйяпман”, деб пулни сандиққа солди. Буни Дилрабо кузатиб турарди.

-  Бобо, пулингиз кўп экан-ку, эллик минг сўм беринг, - деди у онаси ташқарига чиққанидан фойдаланиб.

-  Майли, бераман, - деди бобо. – Фақат якшанба куни келиб, овқат пишириб берасан.

Дилрабо “хўп” деб қўйди. Аммо “Бобом роса хасис-да! Ҳозир берса, пули камайиб қолармиди”, деб кўнглидан ўтказиб қўйди.

Орадан бир неча кун ўтди.

-  Қизим, мана буни ол, - деди Нафиса унга пул узатаркан. – Бозорга бориб, керакли нарсаларни олиб кел.

Дилрабо пулни олгач, ўйланиб қолди. “Бобомнинг уйига бориб, пулларини ўғирлаб олсам-чи?!” У кўнглига келган ўйни амалга ошириш учун онаси калитларни қўядиган жойга борди. Қараса, бобосининг сандиғи калитлари ҳам шу ерда экан. Уларни чўнтагига солиб, кўчага чиқди. Тўғри Марди бобонинг уйига борди. Қараса, бобоси сандиқ ёнида ёнбошлаганча ётибди.

-  Мен келдим, - деди Дилрабо. – Пул берасизми?

У шундай деб хонтахта тагида турган тарвузни олиб сўйди. Иккаласи маза қилиб еб бўлишгач, Дилрабо саволини яна такрорлади.

-  Сен ҳали ёш боласан. Онанг билан келганингда берардим, - деди бобо хотиржам.

Аммо бу жавоб Дилрабонинг жаҳлини чиқарди.

-  Ундай бўлмайди-да, - деди у бақириб. – Бераман, дедингизми, беринг энди!..

-  Бор кет, бошимни қотирма, - деди Марди бобо ҳам бироз аччиғи чиқиб.

Бу муомаладан Дилрабо ўзини босолмай қолди.

-  Ҳали шунақами?..

У нима қилаётганини англаёлмасди. Атрофга аланглади. Нигоҳи пичоққа тушди. Шартта пичоқни олди-ю, бобосининг қорнига икки марта санчиб олди. Кучли оғриқ қариб, мункайиб қолган қариянинг бутун танасини қамради. Тобора ваҳшийлашиб бораётган қиз эса пичоқни яна бир марта урди. Аммо пичоқ қайрилиб, синиб кетди. Жазавага тушган қиз стол устидаги бошқа пичоқни олди. Инграётган чолнинг елкасига яна икки-уч бор санчди. Марди бобо ерга йиқилди. Шундан сўнг Дилрабо нима қилиб қўйганини англагандек бўлди. “Нима қилиб қўйдим?! Бобом бировга айтса, қамалиб кетаман-ку!”. Уни ваҳима боса бошлади.

“Ўлдириш керак!”. Дилрабо шу тўхтамга келди. Атрофга аланглади. Кўзи кўрпага тушди, олиб келиб бобосининг устига ёпди, босиб турди. “Йўқ, бўлмайди. Бунда ўлмайди!”.

У дераза токчасида турган болтани олди. Болта билан бобосининг дуч келган жойига ура бошлади... Чол ниҳоят жимиб қолди.

Дилрабо энди болта билан сандиқ қулфини буза бошлади. Чўнтагидаги калит ҳам ёдига келмади. Сандиқни очиб, пулларни олгач, уйдан чопиб чиқиб кетди. У шу кетишда деҳқон бозорига келди. У ердан янги кийимлар сотиб олди. Қон доғлари теккан эски кийимини ташлаб, янгисини кийди. Бундан ташқари, қўл соати, сумка, тароқ каби буюмларни ҳам сотиб олди.

Шундан сўнг қаерга боришини, нима қилишини билмай, тентираб юрди. Қилган ишидан ваҳимага тушди. Ўзини чалғитиш мақсадида таниши Санжарнинг олдига борди. Аммо бу билан ҳам тинчлана олмади. Тушкунлик унинг вужудини қамраб олганди.

“Энди нима бўлади, қамалиб кетаманми? Одамлар эшитса, нима дейди? Бу кунимдан ўлганим яхши!” Дилрабо ана шундай ўй-хаёллар билан йўл ёқасидаги дорихонага кирди. У ердан бир қути “димедрол” дорисини, бошқа дўкондан эса битта дафтар ва ручка сотиб олди. Шундан сўнг онасига “Онажон мени кечиринг. Бобомнинг уйига борганимда, бобом менга тегажоғлик қилди. Шунинг учун бобомни ўлдирдим. Энди ўзимни ҳам ўлдираяпман, алвидо!” қабилида хат ёзди. Аммо жон ширин. У ўйлаганидек, ўзини ўлдиролмади. Шундай бўлса-да, уйига яқин бориб, “онамга ана шу хатни бериб қўй”, деб хатни қўшнисининг қизидан бериб юборди. Ўзи эса Санжарнинг олдига қайтиб келди. Келса, Санжар аллақачон кетган, ўрнида Шоҳида ишлаётган экан.

-  Мен уйдагиларим билан уришиб, қочиб келдим, - деди Дилрабо. – Хўп десангиз, ишларингизга ёрдам бериб, шу ерда қолсам.

Шоҳида унга уйга қайтишини, оиласидагилар хавотир олишини айтди. Аммо Дилрабо кетмади. Шу ерда кечгача қолиб, Шоҳидага ёрдамлашди. Дилрабонинг хатини олган Нафиса югурганча отасининг уйига келди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларни чақирди. Кимдир зудлик билан ИИБга хабар берди. Тезкор ходимлар эса Дилрабони топиб, олиб кетишди... Тергов жараёнида ҳолатга ойдинлик киритилди.

Суд ҳукми билан Дилрабо Йўлдошева саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

Кун янгиликлари
Соч тўкилиши нега ёшариб кетмоқда – мутахассис жавоб беради
10:01 53514 Жамият
Олти йил фалажликда: фарғоналик она қисмати аслида қандай бўлган эди?
15:46 / 15.08.2017 65528 Жамият
Президентнинг тўйлар ҳақидаги сўзлари яна нотўғри талқин қилинди
15:15 / 15.08.2017 161119 Жамият
Тошкентдаги янги халқаро мактаб ва болалар боғчасига қабул эълон қилинди
11:17 / 15.08.2017 26915 Жамият
Сурия АҚШ ва Британияни террорчиларга заҳарли моддаларни етказиб беришда айблади
18:24 2 Жаҳон
Самарқандда Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилди
Самарқандда ногиронлик нафақасига чиқариш учун 300 доллар сўраган шифокор ўз уйида қўлга олинди
18:11 399 Жамият
Бизнес-омбудсман президент девонида жойлаштирилади
Араблараро урушлар: замонавий дунёда араб мамлакатлари ўртасида бўлиб ўтган бешта йирик қуролли тўқнашув
18:09 840 Жаҳон
Кун фотоси: Озодбек Назарбеков Бишкекдаги ҳукуматлараро комиссияси мажлисида
Кўпроқ янгиликлар