Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, ЮНЕСКОнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида «Ўзбекистон маданий мероси – халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзуидаги халқаро илмий-маданий конгресс бўлиб ўтмоқда.

Кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарда давом этаётган илмий-маданий конгресснинг иккинчи кунида Регистон майдонининг Мирзо Улуғбек мадрасасида иштирокчилари учун ўзбек гиламчилиги ва каштачилигининг энг сара гилам намуналари ҳамда сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада Самарқанд шаҳридаги «Ўзбекистон маданияти тарихи» давлат музейининг фондида сақланаётган гилам ва сўзаналари намойиш этилди.

Халқаро илмий анжуман давомида «Ўзбекистон гиламлари ва сўзаналари дунё тўпламларида» альбомининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон миллий маданий маросини дунё халқларига намойиш этиш мақсадида ташкил этилган ушбу конгрессда шарқшунослик, археология, тарих, шарқ қўлёзмалари, нумизматика, тўқимачилик, кулолчилик соҳаларига ихтисослашган 120 дан ортиқ хорижий ва 100 дан ортиқ маҳаллий олим ва эксперт иштирок этишди. Хусусан, Россия, Канада, Италия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Миср, Корея, Бельгия, Нидерландия, Франция, Германия, Чехия, АҚШ, Хитой, Туркия, Греция, Озарбойжон ва бошқа мамлакатлардан дунё илм-фани вакиллари — машҳур олимлар, музейлар ва илмий институтлар раҳбарлари, илмий журналлар муҳаррирлари, таниқли коллекционерлар билан бирга ЮНЕСКО ва ICOMOS (Ёдгорликлар ва осори атиқаларни сақлаш бўйича халқаро кенгаш) вакиллари, кўп сонли асарлар ва китоблар муаллифи бўлган олимлар ташриф буюришган. 

Самарқандда ўтказилаётган тадбир доирасида «Дунё тўпламларида Ўзбекистоннинг маданий мероси» эксклюзив маданий-маърифий медиа-лойиҳасининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Халқаро илмий-маданий конгресс давомида «Ўзбекистоннинг маданий мероси» туркумида уч тилда нашр этилган китоб альбомларнинг дастлабки беш жилди — «Шарқ давлат музейи тўплами» (Москва ш.), «Россия этнография музейи тўплами» (Санкт-Петербург ш.), «Третьяков давлат галереяси тўплами» (Москва ш.), «Ўзбекистон гиламлари ва кашталари дунё тўпламларида» (Россия, АҚШ, Канада, Австралия), «Алишер Навоий асарлари Россия миллий кутубхонаси тўпламларида» (Санкт-Петербург ш.) китоблари намойиш этилди.

Халқаро илмий-маданий конгрессда нашр этишга тайёрланаётган 6 та жилд — «Ўзбекистоннинг мусиқий мероси», «Давлат Эрмитажи тўплами», «Давлат тарих музейи тўплами», «Шарқ қўлёзмалари институти тўплами», «Ўзбекистон гиламдўзлиги: асрлар оша сақланган анъаналар» ва «Германия музейлари тўпламлари» тақдимоти ҳам ўтказилди.

Халқаро конгресс давомида иштирокчилар Самарқанддаги Конигил қишлоғидаги «Мерос» қоғоз ишлаб чиқариш фабрикаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Регистон майдони ва «Боғишамол» шарқона боғида конгресс иштирокчилари учун маданий тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.

Фарҳод Норбўтаев