Президент Сирдарё вилоятига сафари давомида Мирзаобод туманидаги «Абдуғани Турдибоевич» кўп тармоқли фермер хўжалиги фаолияти билан танишди. 

«Сирдарё вилоятида қишлоқ хўжалиги изчил ривожланиб, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларда юқори натижаларга эришаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари сафи кенгайиб бормоқда. Улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар аҳоли фаровонлигини ошириш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда», дейилади ЎзА хабарида.

2014 йилда ташкил этилган «Абдуғани Турдибоевич» кўп тармоқли фермер хўжалиги 34 гектар ер майдонига эга. Шундан 16 гектарида пахта, 15 гектарида ғалла, 3 гектарида соя етиштирилмоқда. 

Президентнинг 2017 йил 14 мартдаги «2017-2021 йилларда республикада соя экини экишни ва соя дони етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ва унинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилда мамлакатдаги 2 минг 200 дан зиёд фермер хўжалигида шартнома асосида 21 минг гектар майдонга соя экиш кўзда тутилган. Натижада 33,7 минг тонна соя дони етиштирилиб, 6,1 минг тонна ўсимлик ёғи ҳамда 25 минг тоннадан ортиқ соя шроти ишлаб чиқарилади. 

Бундан ташқари, соя экилган майдонларда 80-100 килограмм соф азот тўпланиши ва тупроқ унумдорлиги яхшиланиши ҳисобига пахта ва ғалладан юқори ҳосил олишга имконият яратилади. 

«Соя етиштиришни кўпайтириш, уни шу ернинг ўзида қайта ишлаб, экспортга ҳам йўналтириш чораларини кўриш керак. Соя экиш орқали ер унумдорлигини ошириш, соя агротехникаси бўйича мутахассислар тайёрлаш лозим», деган президент. 

Давлат раҳбари вилоятда боғдорчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш лойиҳаларини ҳам кўздан кечирди. Лойиҳалар бўйича фикрларини билдириб, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди. 

Президент шу ерда нуроний отахонлар билан мулоқот қилди.