Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Пекинга уюштирган давлат ташрифи натижаси икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни сезиларли кучайтириш бўлди. Шу билан бирга, республика икки томонлама муносабатларда ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигига қарамай, Хитойнинг «Ипак йўли» лойиҳасига фаолроқ қўшила бошлади. Тарих фанлари номзоди, эксперт Александр Шустов шу ҳақда фикр юритади. 
 
Пекин-2017

11-15 май кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Жинпинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Пекинда бўлди. Мирзиёев ташриф доирасида Хитойнинг «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан ташкил этилган Халқаро форумнинг савдо-иқтисодий муҳокамаларида иштирок этди. Ш. Мирзиёев, шунингдек, ХХР раиси Си Жинпинг, Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэцян, Халқ вакиллари Умумхитой мажлиси доимий қўмитаси раиси Чжан Дэцзян ва бошқа раҳбарлар билан музокаралар ўтказди. 

Апрел ойи охирларида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов мазкур ташриф натижасида икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга чиқариш режалаштирилаётганини билдирган эди. 

Савдо ва инвестициялар

Тошкент ва Пекинни ҳам икки томонлама муносабатларда биринчи галда иқтисодиёт ва савдо қизиқтиради. Хавфсизлик масалалари, Афғонистондаги давомли беқарорлик туфайли қанчалик муҳим бўлмасин, ушбу давлатлар ўртасидаги алоқаларда иккинчи даражали ҳисобланади, чунки бу борада Марказий Осиёда Россия жиддий сиёсат юритади. 

Иқтисодиёт борасида Хитой Россияни сезиларли ортда қолдирган ҳолда Ўзбекистоннинг асосий ҳамкори бўлиб улгурган. Рақамларга мурожаат қилинганда буни яққол кўриш мумкин. 2016 йилда Ўзбекистоннинг РФ билан маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2,7 млрд долларни ташкил этган бўлса, Хитой билан бу рақам 4,2 млрд доллардан иборат бўлди. Шу йилнинг март ойида бўлиб ўтган ўзбек-хитой ҳукуматлараро қўмитаси йиғилишида ўзаро савдо ҳажмини 2020 йилга бориб 10 млрд долларга етказиш ҳақида сўз борган эди. 

Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатлар бирмунча мувозанатлидир. Бу эса собиқ СССРнинг хом ашё экспортига ихтисослашган республикалари учун ноёб ҳодисадир. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасига кўра, ўтган йили ХХРга экспорт 2 млрд долларни, бу давлатдан импорт 2,25 млрд долларни ташкил этган.

Республикада ХХР иштирокида 700дан ортиқ корхона фаолият юритса, шундан 88таси 100 фоиз Хитой сармояси асосида барпо этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 73та Хитой компанияларининг ваколатхоналари мавжуд. 

«Ипак йўли» таркибига кириш

Қайд этиш керак, Пекиннинг Тошкент билан савдо-иқтисодий ҳамкорлиги «Ипак йўли иқтисодий белбоғи» лойиҳасининг таркибий қисми ҳисобланади. Ушбу ғоя 2013 йилда Си Жинпинг томонидан илгари сурилганди. 2017 йил 10 майда ХХР тижорат вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида («Ипак йўли иқтисодий белбоғи» ва «XXI аср денгиз ипак йўли» лойиҳаларини бирлаштиради) Хитойнинг мазкур йўналиш узра жойлашган мамлакатлар билан умумий савдо ҳажми 2014-16 йилларда 20 трлн юанни ташкил этган, унинг ўсиш суръатлари жаҳоннинг бу борадаги ўртача кўрсаткичидан юқори бўлган. Ушбу давлатларга 3 йил мобайнида киритилган Хитой сармоялари 50 млрд доллардан ошиб кетган, янги хорижий пудрат лойиҳалари 304,9 млрд доллардан ортиқни ташкил этган.

Хитойнинг мақсадларидан бири шундаки, у Евросиё минтақасида денгиз транспортидан мустақил бўлган кенг ички транспорт коммуникацияларини йўлга қўйишдан иборат. Чунки, минтақада ҳарбий-сиёсий вазият таранглашгудек бўлса, денгиз йўли Америка флоти таҳдиди остида қолиши мумкин.

ХХРнинг яна бир мақсади  – «хавфсизлик белбоғи»ни шакллантиришдир. У беқарорлик кузатилиб турадиган Синьцзян-Уйғур мухтор туманини Афғонистон орқали Яқин шарқдан кириб келадиган таҳдидлар ва беқарорлик манбаларидан тўсишни хоҳлайди. Ўзбекистон минтақада аҳоли сони бўйича йирик ва иқтисодий жиҳатдан иккинчи ўриндаги мамлакати сифатида бу масалада ўта муҳим ўрин тутади. Республика транспорт-коммуникация борасида ХХРни Марказий Осиёнинг ғарбий қисмидан ажратиб турувчи тўсиқдек таассурот уйғотиши ҳам бор гап. Албатта, Қозоғистон ва Туркманистон орқали четлаб ўтиш мумкин, бироқ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё марказида жойлашгани бунга йўл қўймайди.

Ўзбекистоннинг асл мақсади – «Ипак йўли иқтисодий белбоғи» лойиҳасининг имкон қадар фойдали шартларда муҳим иштирокчисига айланишдир. Савдо ҳажмини ошириш, инвестициялар жалб этиш ва иқтисодиётни ривожлантириш ҳам шулар жумласидан, албатта. 

«…Бизнинг асосий мақсадимиз – ХХРнинг савдони ривожлантириш ишларида захираси ва салоҳиятидан фойдаланиш, юқори қўшилган қийматли ўзбек маҳсулотларини Хитой ва «Бир макон, бир йўл» йўналиши узра жойлашган барча мамлакатларга етказиб беришни кўпайтиришдир», – деган эди Ўзбекистон ТИВ раҳбари биринчи ўринбосари Жавлон Ваҳобов. – … Биз имтиёзли инвестицияларни жалб этиш, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий соҳаларини ривожлантириш мақсадида янги кредит линияларини очишни режалаштираяпмиз. Бунда инфртузилмаларни ривожлантириш, саноат ишлаб чиқариши ҳамда Ўзбекистонни минтақада амалга оширилаётган транспорт-коммуникация лойиҳаларига фаол жалб этилишига эътибор қаратамиз».

*     *     *
Шу ўринда, Тошкентнинг Пекин билан муносабатларида бирмунча муаммоли жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Икки мамлакат ўртасида савдонинг ривожланишига умумий чегаранинг мавжуд эмаслиги ҳамда транспорт инфратузилмасининг тараққий этмаганлиги тўсиқ бўлмоқда. ХХРдан Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Эронга қурилиши режалаштирилаётган темир йўл масаласи релслар орасидаги масофа туфайли ортга сурилмоқда. Пекин темир изларнинг ораси ўзи фойдаланадиган «Европа намунаси»да (1435 мм) бўлишни талаб қилаётган бўлса, Қирғизистон ЕОИИ аъзоси сифатида «Россия стандарти»ни (1520 мм) илгари сурмоқда. Бу масала бир неча йилдан бери муҳокама қилинаётган бўлса-да, ҳал этилганича йўқ. 

2017 йил бошида ХХР ва Ўзбекистон «Марказий Осиё – Хитой» газ қувурининг тўртинчи йўналишини қуришни тўхтатди. Бундан ташқари, Пекин жорий йил биринчи чорагида ўзбек газини импорт қилмади. Бироқ, бу муаммоллар Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги стратегик ҳамкорликка соя сола олмаслигини Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи натижалари исботлади. 

Александр Шустов,
Тарих фанлари номзоди