Жорий йилнинг 22-28 май кунлари Тошкент шаҳрида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлигида V Европа кинолари фестивалини ўтказиш режалаштирилган. Бу ҳақда "Ўзбеккино" Миллий агентлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур фестиваль Ўзбекистонда 2013 йилдан буён мунтазам равишда ўтказиб келинаётган бўлиб, асосий мақсад Европанинг замонавий фильмлари билан ўзбек жамоатчилигини таништиришдан иборатдир.

Фестиваль мобайнида Европанинг 11та давлати киноижодкорлари томонидан ишланган 13 та бадиий, ҳужжатли ва мультипликацион фильм намойиш этилиши кўзда тутилган.

Мазкур тадбирга бағишланган матбуот анжумани 19 май куни Республика Киночилар уйининг конференц-залида ўтказилади. Унда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги раҳбарияти ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайснинг ҳам иштирок этиши белгиланган.

Шунингдек, фестивалнинг расмий очилиш маросими 22 май куни соат 19:00 да, Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтади.