Ўз вақтида телевидениеда ўз мухлисларига эга бўлган «Интелектуал ринг» кўрсатувининг собиқ бошловчиси Аброр Зоҳидов эфирдан олдин иштирокчиларга жавоблар бериб қўйилганини тан олди. Унинг бу эътирофи фейсбук ижтимоий тармоғида интелектуал ўйинлар мавзусидаги пост остида билдирилган.

У Zo'rTV телеканалида «Что? Где? Когда?» кўрсатувининг муқобили эфирга тайёрланаётгани ҳақидаги хабарга фикр билдириб, бу кўрсатувга омад тилаган. 

«Бу формат энг қулай, энг камхаражат ва нисбатан энг осони ҳисобланади. Чунки бир неча рейтингбоп жамоалар шакллантириб олинса, саволлар оқими назорат қилинса, қолгани техник ишлар (албатта, бу гапларим билан бу турдаги кўрсатувлар муаллифлари ва қатнашчиларига салбий баҳо бермоқчи эмасман, асло, аксинча шундай ғояни йўлга қўйганларига тасанно). Қолганларида мунтазам сифатли маълумотлар (саволлар) тайёрлаш, энг муҳими доимо алмашиб борувчи қатнашчиларни мослаштириш беҳад оғир кечади. «Интелектуал ринг»да роса «энамни кўрганман». Ваҳимасидан тоғни ёриб ташлайдиган одамларнинг ёдлатилган тўртта сўзни эплаб гапиролмаслигидан асабинг бузилади. Битта сон учун мингдан ортиқ саволни қайта ишлаб чиқиш керак. Шунинг учун ҳам «Заковат»нинг умри узун бўлди ва янада бардавом бўлсин», деган у.

Шундан сўнг, ушбу фикр қолдирилган пост муаллифи Хушнуд Худайбердиев ундан фикрига аниқлик киритишни сўраган. Аброр Зоҳидов эса ўз ёзганини яна бир бор тасдиқлаган.

«Йиллар ўтди, энди айрим сирларни очса бўлар... Саволларнинг жавоби билан берган пайтларимиз бўлган. Эсингизда бўлса, биринчи турда ҳаммага навбати билан бешта савол бериларди. Бир марта етти қатнашчининг олтиси берилган бешта саволдан биронтасига (!) жавоб бера олмади... Бу бир синовлиги билан биргаликда шоу ҳам, ғолибни аниқлаш билан бирга кўрсатувнинг рейтингини ҳам ўйлаш керак. Қолаверса ҳамма «думбул»ларни тўплаб олиб чиқишдан мақсад нима, деган ҳақли савол туғиларди. Ва яна энг муҳими бу қатнашчилар роса саралаб олинган одамлар. Шунда бир иш қилганман: ҳамма қатнашчиларга бешта саволнинг учтасининг жавобларини бериб бошқатдан ёзганмиз. Узр энди», дейилган жавобда.

«Интеллектуал ринг»да иштирок этган инсон сифатида гувоҳлик беришим мумкин, менга ҳам битта саволнинг жавобини олдиндан айтишганди», дейди муҳокамага қўшилган яна бир интернет фойдаланувчиси.

Собиқ бошловчининг бу иқрори нафақат «Интеллектуал ринг» кўрсатувида, ундан олдин ва ундан кейинги интеллектуал лойиҳаларда ҳам шундай кўзбўямачилик ҳолатлари бўлгани эҳтимолини кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йиллар давомида Ўзбекистон телеканалларида ҳамон эфирга чиқишда давом этаётган «Заковат» ҳамда «Интеллектуал ринг»дан ташқари «Қилни қирқ ёриб», «Иқтидор», «Зинама-зина», «Лабиринт», «Антиқа мантиқ», «Брейн-ринг» ва бошқа турли кўринишдаги интеллектуал кўрсатувлар экран юзини кўрди. Бу кўрсатувларнинг деярли ҳеч қайсиси кўп вақт «яшаб кета олмаган».

Хушнуд Худайбердиев юқоридаги иқрорга муносабат билдиради. Шу билан биргаликда интелектуал ўйинларнинг барчасида ҳам бундай ҳолатлар бўлмаслигини қайд этган.

«13 йилдан буён «Заковат» клуби аъзоси сифатида интеллектуал клуб ривожида яна бир жиҳат асосий ўрин тутишини билганман. Бу айнан саволларни олдиндан бериб қўймаслик, иштирокчилар олдиндан биладиган саволига сохта ўйин қилмаслигини таъминлаш.

Интеллектуал ўйинларда вазиятдан келиб чиқиб ҳар қанақа усулда билимдонларга ёрдам бериш мумкин, масалан жавобни топа олмаётганда «подсказка» билан ёрдам бериш, саволни бироз енгилроқ тарзда бериш ва ҳ.к.

Аммо саволларни олдиндан бериб қўйиш - бу ҳеч қанақа қолипга тушмайди!

Фақат шоу учун олдиндан берса бўлади, масалан «Имкон шоу»га ўхшаб. Аммо интеллектуал ўйинлар учун мумкин эмас.

Бундай интеллектуал ўйинларнинг умри узоқ бўлмайди. Масалан, «Қилни қирқ ёриб» яхши лойиҳа эди, аммо курсдошларим чиқишганда жавобларни олдиндан сотиб олишган. Барибир бир кун кўрсатувга бунақа қинғирликни касри уради.

«Заковат»нинг мен энг қаттиқ ҳурмат қиладиган томони ҳам айнан шунда, саволларни ҳеч қачон олдиндан бериб қўйилмаслигида», деган у.